Европа Марказий банки иқлим ўзгариши бўйича марказ ташкил этади

Европа Марказий банки (ЕМБ) иқлим ўзгариши бўйича махсус марказ яратишга қарор қилди, унинг асосий мақсади иқлим сиёсати соҳасида банкнинг турли бўлимлари ишларини мувофиқлаштиришдан иборат бўлади. «Иқлим ўзгариши сиёсатимизнинг барча соҳаларига таъсир кўрсатади», — деди ЕМБ президенти Кристин Лагард. «Иқлим ўзгариши маркази ушбу муаммони зудлик билан ва қатъий ҳал қилишимиз керак бўлган тузилмадир», — дея қўшимча қилди у. Янги бўлим иқлим ўзгариши муаммолари устида ишлаётган мутахассисларнинг тажрибасидан фойдаланиб, ЕМБ учун иқлим бўйича кун тартибини шакллантиради ва бошқаради. Марказда бошқа банк ходимлари билан биргаликда ишлайдиган 10 га яқин ходим бўлиши кутилмоқда. У регуляторнинг иқлим ўзгариши ва барқарор молиялаштириш соҳасидаги фаолиятини назорат қилувчи ЕМБ раҳбарига ҳисобот беради. Марказ 2021 йил бошида иш бошлаши кутилмоқда. Хабарда таъкидланишича, бундай марказни ташкил этиш тўғрисидаги қарор «иқлим ўзгариши ЕМБ сиёсати ва иқтисодиётга тобора ортиб бораётган аҳамиятини, шунингдек, стратегик режалаштириш ва мувофиқлаштиришга янада тизимли ёндашув зарурлигини акс эттиради». — Европа Марказий банки.

Хитойнинг Соҳил хавфсизлик хизмати хорижий кемаларга қарата ўт очиш ҳуқуқига эга бўлади

Хитой денгиз полициясига (Соҳил хавфсизлик хизмати) ХХР миллий суверенитетини ҳимоя қилиш учун 1 февралдан бошлаб чет эл кемаларига қарата ўт очиш ҳуқуқи берилади. «Хорижий ташкилотлар ва якка шахслар томонидан амалга оширилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки давлат суверенитетига таҳдид уюштирилиши натижасида юзага келадиган хавфли ҳолатларда денгиз полицияси органлари мазкур қонун, бошқа тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда қарорларга мувофиқ равишда бу каби қонунбузарликларнинг олдини олиш ва хавфни бартараф этиш учун барча зарур чораларни амалга ошириш, шу жумладан, қурол қўллаш ҳуқуқига эга», — дея қонун матнидан иқтибос келтирилади. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, ХХР денгиз полицияси гумондорлар қурол-яроғ, ўқ-дорилар, давлат сирини ифода этувчи материаллар, гиёҳвандлик моддалари ва бошқа буюмларни олиб кетаётган бўлса ва бўйсинишдан бош тортса, ўқ отар қуроллардан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, чет эл кемаси «ХХР акваториясида ноқонуний иқтисодий фаолиятни амалга оширса», буйруқларга бўйсунмаса ва текшириш талабларини инобатга олмаса, қурол ишлатишга рухсат берилади. — ТАСС.

Қирғизистоннинг сайланган президенти ўзининг биринчи хорижий ташрифини Россияга амалга оширмоқчи

Қирғизистондаги президентлик сайловларида ғолиб чиққан Садир Жапаров биринчи хорижий ташрифини Россияга амалга оширишни режалаштирмоқда. «Янги президентнинг биринчи ташрифи Россияга режалаштирилган», — деди бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Равшан Собиров. Шу билан бирга, Собиров ташриф санасини ошкор қилмади. — K-News.

Aбу-Дабида Исроил элчихонаси очилди

Исроил элчихонаси 24 январь куни Aбу-Дабида очилди. Исроилнинг БAAдаги миссияси раҳбари лавозимига Эйтан Наэ тайинланди. «Исроилнинг Aбу-Дабидаги элчихонаси бугун (24 январь) дипломатик миссия Эйтан Наэ келиши билан расмий равишда очилди», — дейилади хабарда. Aввалроқ БAA Вазирлар Маҳкамаси мамлакатнинг Тель-Aвивда элчихонаси очилишини маъқуллаган эди. — Исроил Ташқи ишлар вазирлиги.

Aвстрия аҳолиси оддий ниқоб ўрнига респиратор ниқобларни тақишга мажбурланди

25 январдан бошлаб Aвстрия аҳолиси дўконларда ёки жамоат транспортида оддий ниқоблар ўрнига FFP2 турдаги респиратор ниқоблардан фойдаланишга мажбурланди. Aвстриянинг Соғлиқни сақлаш вазири Рудольф Aншобернинг таъкидлашича, респиратор ниқоблар ишончлироқ ҳимоя қилади, аммо уларнинг нархи одатдаги ниқобдан сезиларли даражада юқори бўлганлиги сабабли, улар ўз таннархида сотилади. Бундан ташқари, моддий имконияти чекланган одамларга ҳимоя воситалари бепул берилади. Респиратор ниқобларнинг нархи бир евро (12,8 минг сум) атрофида бўлади. — Австрия федерал девонхонаси.

Мисрда коронавирусга қарши эмлаш бошланди

Мисрда 24 январь куни COVID-19 коронавирусга қарши эмлаш кампанияси бошланди. Мамлакатда соғлиқни сақлаш ходимлари биринчи бўлиб бепул эмланади. «Барча тиббий ходимлар вакцинани қабул қилишади, бу уларнинг ҳуқуқидир», — деди Миср соғлиқни сақлаш вазири Хала Зайед. Унинг сўзларига кўра, тиббиёт ходимларидан сўнг кексалар ва сурункали касалликлари бор одамлар эмланади. Зайеднинг таъкидлашича, моддий имконияти етарли бўлган фуқаролар эмлаш учун пул тўлашлари керак. Маълумотларга кўра, Қоҳира Буюк Британия, Хитой ва Россия компаниялари билан тахминан 100 миллион дозадаги вакциналарни етказиб бериш бўйича шартномалар имзолаган. — Интерфакс.