Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида турли лавозимларда 2000−2012 йилларда фаолият юртиган Хуршида Джалилова 2012 йилга келиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансуб эмаслиги важи билан ишдан бўшатилган.

«Газета.uz»га Омбудсман матбуот хизмати маълум қилишича, у 2020 йилнинг августида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман)га мурожаат қилиб, ноҳақ ишдан бўшатилганини билдирган.

Ўрганишлар натижасида Джалилова 8 йил мобайнида ишга тикланиш бўйича кўплаб давлат идораларига қайта ва қайта мурожаат қилгани ва охири унинг иши Олий судда кўриб чиқилгани аниқланган.

«Узоқ уринишлар натижасида 2020 йилнинг март ойида Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажримига мувофиқ, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви ғайриқонуний деб топилиб, Х.Джалиловани Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими катта терговчиси лавозимига тикланиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Олий суд қарорига қарамасдан Джалилова ишга тикланмайди. Шундан сўнг, у Омбудсманга мурожаат қилади.

Вакил томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Олий суд қарори даъвогарнинг Қирғизистон Республикасида фуқаролиги бор ёки йўқлиги аниқланаётгани важи билан ижро қилинмагани аниқланган.

«Масалани ҳал этиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили Қирғизистон Омбудсменига мурожаат қилиб, Х.Джалилованинг фуқаролигига аниқлик киритди. Шундан сўнг, тўпланган маълумотлар асосида ишга тиклаш бўйича Вакил хулосаси Ички ишлар Вазирига юборилди», — дейилади Омбудсман хабарида.

Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги жавоб хатига мувофиқ, Хуршида Джалилова бор махсус унвони билан ИИВ кадрлар сафига қўшилиб, орадаги узилиш даврини хизмат муддатига қўшган ҳолда хизматга тикланган.