Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олишни тақиқлаш тизимини ижтимоий хавфлилигига қараб белгилаш кўзда тутилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганни фарзандликка олишларига йўл қўйилмайди. Бу эса ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари (иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар ва ҳ.к.) учун ҳам татбиқ қилинади.

Таҳлилларга кўра, мамлакатда фарзандликка олиш истагини билдирган шахслар 4 мингдан ортиқни ташкил қилади. Бугунги кунда фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга (ҳар йили ўртача 200 нафар бола) нисбатан анча юқори эканлиги таъкидланган.

Қарор лойиҳасига кўра муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олишни тақиқлаш тизимини ижтимоий хавфлилигига қараб белгилаш мақсадида Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги низом ичига кирувчи «шахсга, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши оғир ва ўта оғир жиноятларни қасддан содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар» таҳририда баён этиш кўзда тутилмоқда.