«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Муратбай Базаримбетов пора олганликда гумонланиб, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди. У пора олганликда гумон қилинмоқда.

«Газета.uz»га «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасининг матбуот хизмати маълум қилишича, 24 декабрь куни Муратбай Базаримбетов ўзининг хизмат хонасида қўлга олинган.

Урганч шаҳар халқ депутатлари кенгаши аъзосининг Kun.uz`га айтишича, Базаримбетов ўртага ишончли одамини қўйиб, ёнилғи қуйиш шохобчасини электр тармоғига улаб бериш учун тадбиркордан 20 минг доллар сўраганликда гумонланмоқда. Кейинчалик бу қиймат 15 мингга туширилган, дейилади хабарда.

Шундан сўнг, тадбиркор депутатга шикоят қилган, у эса ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Тадбиркор махсус тадбирда ҳамкорлик қилишга розилик берган. 24 декабрь куни Муратбай Базаримбетов ўртадаги ишончли шахс пулни кабинетига киритиб берганидан сўнг, ушланган.

Депутат таъкидлашича, тезкор тадбирда ўртадаги шахс ва раҳбарнинг мулоқоти ёзиб олинган. Аудиоёзувларда раҳбарнинг: «Пулнинг ҳаммасини бердими? Ҳаммасини олдингми? Мана бу тумбочкага қўй», — деган сўзлари ҳам бор.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, Муратбай Базаримбетов эса ҳибсда сақланмоқда, дея қўшимча қилган депутат.

Муратбай Базаримбетов «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари»ни 2019 йилдан бери бошқариб келаётган эди.