ИИВ Тергов департаменти масъул ходими Наргиза Ҳожибоева маълумотига кўра, чақалоқ савдосига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

  • боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани ва моддий эҳтиёжлари таъминланмаганлиги;
  • турмушга чиқмаган аёллар ҳомиладор экани ҳамда чақалоқни оиласидан яширишга уриниши;
  • фарзанд кўрмаган оилалар томонидан чақалоқ асраб олишга эҳтиёж мавжудлиги;
  • чақалоқ савдосининг олдини олишга қаратилган мукаммал ҳуқуқий асоснинг йўқлиги.

Наргиза Ҳожибоева 3 йил мобайнида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланганлигини ҳам айтди.

Умуман олганда, 2012 йилдан 2020 йилгача одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони олти баравар камайди, аммо шу билан бирга, чақалоқлар ва болалар савдоси улуши ўсишда давом этмоқда.

«Чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти хотин-қизлар томонидан содир этилаётгани жуда аянчли ҳолат. Ушбу жиноятга қўл урган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилганда, уларнинг кўпчилиги бугун оғир турмуш шароитида ва моддий қийинчиликда яшаётгани, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда психологик ёрдамга муҳтожлиги аниқланди», — дея маълум қилди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Ўғилой Ўрозова.

Хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва ўрганиш учун «аёллар дафтарчаси»ни шакллантириш доирасида мамлакат бўйлаб 6,5 миллиондан ортиқ респондентлар билан суҳбат ўтказилди, дея таъкидланди тадбирда.