АОКА бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева мансабдор шахслар жиноят содир этиши оқибатида 2019 йилда 1 трлн сўм зарар етказилганини маълум қилди. 2020 йилнинг 11 ойида эса бу миқдор 346 млрд сўмни ташкил этган.

«2019 йилда мансабдорлик билан боғлиқ жиноятлар 2017 йилга нисбатан 60 фоизга, порахўрлик жиноятлари эса 53 фоизга камайишига эришилган», — дея қўшимча қилди агентлик вакили.

Таъкидланишича, аҳолининг коррупцияга қарши курашишдаги фаоллигини янада ошириш, бунинг учун уларни рағбатлантириш зарур. Жумладан, 2017 йилда Ҳукумат қарори билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда 100 нафар фуқаро 78 млн сўмдан ортиқ пул мукофоти билан рағбатлантирилган.

«Аммо мазкур қарор асосида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилмаган, шунингдек, давлат хизматчиларини рағбатлантириш назарда тутилмаган», — дея таъкидлади Умида Тўхташева.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш масаласи ҳудудий махсус комиссиялар ва республика махсус комиссияси томонидан кўриб чиқиш тартиби белгиланаётгани қайд этилди.

«Фуқаро коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик тўғрисида коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи органга мурожаат қилгандан сўнг, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мансабдор шахслари жиноятни тезкор фош этиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда тезкор қидирув ва терговга қадар текширув ҳаракатларни ўтказиш чораларини кўради», — деди Антикоррупцияга агентлиги вакили.

Умида Тўхташева дастлабки таҳлилларга кўра, коррупцияга ҳолатлари ҳақида хабар берганларни рағбатлантиришга қанча маблағ жалб қилинишига ҳам тўхталиб ўтди. «Ушбу Қарорнинг ижроси учун давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300−500 миллон сўм маблағ талаб этилади», — деди у.

Шунингдек, низом талабларига мувофиқ, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида била туриб, ёлғон маълумот берган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ҳам таъкидлаб ўтилди.