Олий Мажлис Сенатининг 11-ялпи мажлисида Маданият вазири Озодбек Назарбеков сенаторлар соҳага давлат хусусий шериклик асосида тадбиркорларни жалб қилиш ҳолати ҳақида саволига жавоб бера туриб, 2021 йилдан маданият объектларининг бўш турган майдонларини тадбиркорларга берилишини айтди.

«Дейлик, бир ҳудудда Маданият маркази ярим гектар майдоннинг 15−20 сотих жойини банд қилиб турибди. Қолган жойини тадбиркор сўраяпти. Маданият маркази ўша ҳудудни сақлаш туришга ҳам ортиқча маблағи йўқ. Агар шуни тадбиркорга берадиган бўлсак, табиийки, ҳокимиятни балансига ўтказиш ва ҳокимнинг қарори каби шунақа жуда кўп бюрократия ҳолатлари бор», — деди вазир.

Шу каби муаммолар ечими сифатида ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. «Бошқа ташкилотлар билан келишиб бўлганмиз, фақат Вазирлар Маҳкамаси хулосасини кутаяпмиз. 2021 йилдан буни жадал амалга оширамиз», — деди Назарбеков.

Вазир ҳозирга қадар давлат хусусий шериклик асосида тадбиркорларга қайси объектлар топширилганига ҳам тўхталиб ўтди.

«Шу кунгача тизимдаги бешта, яъни Андижон вилоятидаги „Алишер Навоий“, „Қўрғонтепа“, „Шаҳрихон“ боғлари, Марҳамат туманидаги болалар ва Самарқанддаги „Афсона“ маданият ва истироҳат боғлари тадбиркорларга давлат хусусий шериклик асосида берилган. Яна 15 дан ортиқ маданият марказлари ҳам ДХШ асосида шартномалар имзоланган. Лекин бизда бу борада бир қанча муаммолар келиб чиқди. Тажриба нуқтаи назаридан ҳам Маданият вазирлиги, ҳам ҳудудий ҳокимиятлар томонидан тушунмовчиликлар юзага келаяпти», — деди Озодбек Назарбеков.

У айнан шу каби камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳам Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланганини таъкидлади.