Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га маълум қилишига кўра, Навоий шаҳридаги ҳайвонот боғида бир қанча қуш ва ҳайвонларни сақлаш шароитларида камчиликлар аниқланган.

Ёввойи ҳайвонлар бир бош бўри, жайра, қирғовул, қора тасқара, бургут, укки, кал журчи, қамиш мушуклар ҳайвонот боғида рухсатномасиз сақланиб, қонун талаблари бузилганлиги маълум бўлган.

Ушбу факт бўйича департамент 16 декабрь куни хусусий ҳайвонот боғи директори Соҳиба Барноевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисми билан ҳужжатларни шаҳар маъмурий судига юборди.

Навоий шаҳар маъмурий суди ҳайвонлар ёмон шароитда сақланадиган хусусий ҳайвонот боғи директорига огоҳлантириш берди. Корхона раҳбарига беш кун ичида камчиликларни бартараф этиш тўғрисида буйруқ берилди. Агар ушбу муддатдан сўнг қонун бузилиши бартараф этилмаса, иш қайта тикланади. Бу ҳақда «Газета.uz»га ишни судга тайёрлаётган профилактика инспектори маълумотларига асосланиб Меҳр ва оқибат ҲХЖ хабар берди.