24 декабрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Миср Араб Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Амира Фаҳмийни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб, элчини Ўзбекистонга тайинлангани билан табриклади ва масъулиятли дипломатик миссиясини бажаришида муваффақият тилади.

Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон — Миср муносабатлари ҳамда БМТ, ИҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш истиқболлари бўйича ҳамда турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.