23 декабрь куни Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш бўйича видеоконференцалоқа шаклида илк учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон номидан Сенат раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Тадбирда Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ўрни, уларнинг давлат ва жамоат ишларидаги иштироки, ўзгаришларни рўёбга чиқариш ва ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш, шу жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Танзила Нарбаева янги норасмий механизм йиғилишини тарихий воқеа деб атади ва шу тариқа «минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун мутлақо янги маслаҳат майдончаси шаклланаётганини» таъкидлади. У келажакда Афғонистон вакиллари «бизнинг учрашувларимизга янада яхлитликни таъминлайдиган» мулоқотга қўшилишларига умид билдирди.

Учрашувда таъқидланганидек, «Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари билан мулоқот» норасмий механизмининг фаолияти минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш эришиш, давлат ва жамият бошқаруви, тадбиркорлик тизимида аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга, қолаверса, хотин-қизлар, ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашади.


БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Наталя Герман ушбу марказ минтақавий ва глобал шериклик алоқаларини кенгайтириш ҳамда тажриба алмашишни ўз ичига олган муҳокамалар ва кейинги ишлар учун платформа яратишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбарининг таклифига биноан 2021 йилда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига раислик қилиш Танзила Нарбаевага топширилди.

Ўзбекистон қуйидаги йўналишлардаги ҳамкорликни таклиф этди:

  1. Минтақа мамлакатларидаги аёлларнинг ҳолатини таҳлил қилиш («Биз қўшни бўлсак ҳам, ҳаммасини билмаймиз»)
  2. Қонун ҳужжатларини чуқур таҳлил қилиш (аёллар мақомини ошириш ва уларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш);
  3. Таълим даражасини ошириш;
  4. Аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш;
  5. Иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлиги;
  6. Зўравонлик билан боғлиқ муаммолар;
  7. Таълим масалалари («Бу бир томонлама бўлмаслиги керак»);
  8. Хабардорликни ошириш.

Танзила Нарбаева келгуси йилга мўлжалланган тадбирлар режасига «турли форматларда» — аёл депутатларнинг марказий ва минтақавий даражадаги маслаҳат-учрашувлари, бизнес-форумлар, конференциялар, давра суҳбатлари, олима аёллар, турли соҳа мутахассислари иштирокидаги семинарларни киритишни таклиф қилди.

Сенат раиси эпидемиологик вазият яхшиланганидан кейин биринчи марта аёллар раҳбарлари конференциясини, шунингдек, БМТ агентликлари кўмагида Ўзбекистонда диалогда иштирок этадиган мамлакатларнинг биринчи аёллар бизнес форумини ўтказишни таклиф этди.