Ҳиндистоннинг Nephroplus компанияси Ўзбекистонда 4 та диализ клиникасини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур клиникалар Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида барпо этилади ва 1000 дан ортиқ беморга ҳаётий муҳим диализ хизматларини кўрсатади.

Маълум қилинишича, беморларнинг шахсий харажатларини талаб қилмайдиган сифатли даволашни таъминлаш ва инфекция хавфини камайтириш бўйича лойиҳани ишлаб чиқишда Халқаро молия корпорацияси Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг транзакцион маслаҳатчиси сифатида кўмак берган.

Лойиҳа, айниқса, қишлоқ жойларидан келган беморларга катта фойда келтириши кутилмоқда, чунки Nephroplus Ўзбекистонда биринчи марта перитонеал диализ амалиётини бошлайди. Перитонеал диализ беморларга уйда диализ даволаш имкониятини ҳам беради. Шундай қилиб, диализ терапиясидан фойдаланиш қишлоқ ва чекка ҳудудларга ҳам кенгайтирилади, дейилади хабарда.