Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда рақобатбардошлиликни ошириш ва инклюзив ўсишни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳа учун 93 млн доллар кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ўзбекистон Республикасида замонавий иқтисодиёт учун кўникмаларни ривожлантириш» лойиҳаси беш соҳада: қурилиш, тўқимачилик ва тикувчилик, АКТ, агробизнес ва озиқ-овқат саноати, техникаларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш соҳаларида малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган.

Лойиҳада камида 60 минг фуқаро, шу жумладан, 48 минг ишсиз ёки иш излаётган кишилар ва 500 нафар имконияти чекланган шахслар ўз касбий кўникмаларини яхшилаш имкониятига эга бўлишади. Улар ўқув дастурларини ишлаб чиқишдан тортиб иш жойида ўқиш ва ишга жойлашиш билан қамраб олинади.

Бундан ташқари, лойиҳа малакали ишчиларни қидиришга, кадрларни қайта тайёрлаш ёки малакасини тасдиқлашга, қолаверса, муҳожирлар қайтиб келган соҳаларга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг мартдаги фармони билан мазкур лойиҳа 2020 йил 1 июлга қадар амалга оширилиши ва ОТБдан 100 млн доллар жалб этилиши белгиланган эди.