Давлат думаси депутатлари Россия Федерацияси собиқ президентларининг даҳлсизлигини кафолатловчи қонунни қабул қилишди, дея хабар берди TJournal.

Ҳужжатга кўра, «Ўз лавозимини тарк этган РФ президенти ва унинг оиласи кафолатлари» тўғрисидаги федерал қонуннинг учинчи бандига ўзгариш киритилди. Ушбу ўзгариш собиқ президентнинг жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаслигини, уни ҳибсда ушлаб туриш, сўроқ қилиш, тинтув ўтказиш каби чораларни қўлламасликни кафолатлайди. Бу шунингдек, унинг барча мол-мулки, ҳужжатлари, юки ва ёзишмаларигача амал қилади.

Ҳужжатнинг олдинги таҳририга кўра, собиқ президентни фақат ўз ваколатини эгаллаб турган муддати давомидаги фаолияти учун жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас эди.

Қонунга кўра, собиқ президент дума томонидан давлатга хиёнатда айблансагина, ундан даҳлсизлик ҳуқуқи олиб ташланиши мумкин.

Собиқ президентларнинг дахлсизлигини кафолатлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 5 ноябрь куни Давлат Думасига тақдим этилган эди. Давлат Думаси ҳужжатни биринчи кўриб чиқишдаёқ, 17 ноябрь куни қабул қилди.