Октябрь бошида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг уч нафар судьяси Тошкентга келиб, маст ҳолда ЙПХ ходимлари билан жанжаллашиб, улардан бирига тан жароҳати етказишган эди. «Газета.uz» манбасининг хабар беришича, икки нафар судья жамиятда юриш-туриш одобига риоя этмагани учун ишдан бўшатилган, яна бир нафарига нисбатан хайфсан берилган.

Мазкур ҳолат бўйича Repost.uz нашри ҳам ёзган эди. Нашр ўшанда судьяларни икки нафарлигини маълум қилган. «Газета.uz»га маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг уч нафар судьяси Паркент туманидан пойтахтнинг «Улфатлар» кафесига келиб, алкоголь истеъмол қилишган. Ортга қайтишда эса ЙПХ инспекторлари тўхтатиб, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бунга қаршилик кўрсатиб, икки нафар судья ЙПХ ходимининг бирига тан жароҳати етказади. Бу вақтда учинчи судья ўзига муаммо орттирмаслик нуқтаи назаридан воқеа жойидан кетиб қолади.

Ушбу воқеалар ривожини «Газета.uz» манбаси ҳам тасдиқлади. 7 октябрь ҳолатига Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судьяларининг икки нафари «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» талабларига риоя этмагани учун ваколати муддатидан илгари тугатилган. Воқеага алоқадор бўлган учинчи судьяга нисбатан эса шерикларини тўғри йўлга бошламагани учун интизомий чора қўлланилган.

30 ноябрь куни Олий судда ўтказилган анжуманда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева ҳам мазкур ҳолатга тўхталиб ўтди.

«ЖИБ Тошкент вилояти судьялари спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, дам олишдан қайтаётганларида Паркент тумани ИИБ ЙҲҲБ ходимлари томонидан судья Р. Қ. автомашинаси тўхтатиб текширилганда, унинг маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариб келаётгани аниқланган. ЙҲҲБ ходими томонидан маъмурий баённома рамийлаштириш жараёнида судья Р. Т. унга қаршилик кўрсатиб, унинг хизмат кийимини йиртиб, енгил тан жароҳати етказган», — деди агентлик вакили.

Умида Тўхташева, шунингдек, агентликка келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти суд қарорлари юзасидан эканини маълум қилди.

«Агентлик ташкил этилганидан бери бизга келаётган мурожаатларни таҳлил қилганимизда, уларнинг энг кўп қисми, яъни 20 фоизи суд қарорлари юзасидан келиб тушганини кўришимиз мумкин», — деди у.

Ўз навбатида, Олий суд матбуот хизмати мазкур ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида жорий йилнинг 11 ойи мобайнида ўзини муносиб тутмаган судьяларга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида ахборот берди.

«Шу ўринда жорий йилнинг 11 ойи мобайнида ҳақиқатдан ҳам ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилганлиги, шунингдек 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилганлиги маълум қилинади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Газета.uz» аввалроқ, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари ва ходимлари шаҳар ИИББ ЙҲХБ маъмурий амалиёт бўлими ходимлари билан жиноий тил бириктириб, 5 мингга яқин сохта қарор чиқаргани ва 8 млрд сўм пул маблағларни талон-торож қилганини маълум қилган эди.