30 ноябрь куни Олий судда бўлиб ўтган анжуманда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева суд тизимида содир этилаётган коррупцион хатти-ҳаракатлар таҳлилига оид маълумотлар билан ўртоқлашди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Агентлик вакили давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, Тошкент шаҳар маъмурий суд судья ва ходимларига нисбатан иш қўзғатилгани маълум қилинди.

«Бош прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари ва ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167, 209-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Хусусан, маъмурий суднинг бир нечта судьялари ва уларнинг ёрдамчилари Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маъмурий амалиёт бўлими ходимлари билан жиноий тил бириктиришган», — деди Умида Тўхташева.

Таъкидланишича, жиноий гуруҳ йўл ҳаракати қоидалари бузилгани юзасидан маъмурий ишларни суд девонхонасига кирим қилмаган. Ишни тарафлар иштирокида амалда кўриб чиқмаган ва айрим маъмурий ишларни қасддан йўқотиб юборишган. Натижада жами 5 мингга яқин сохта қарор чиқариб, умумий ҳисобда 8 млрд сўм пул маблағларни талон-торож қилишган.

Агентлик вакили, шунингдек, коррупция ҳолатлари ҳақида гапира туриб, пора олиш-бериш билан боғлиқ жиноятлар энг хавфлиси эканини айтди. У жорий йилнинг октябрь ойида ФИБ Урганч туманлараро судининг судьяси О.С 10 минг АҚШ долларидан 1200 АҚШ долларини олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинганини маълум қилди.