2021 йил 1 январдан Туркманистоннинг газета ва журналлари фақат электрон шаклда чиқади. Фақатгина пенсия ёшидагилар қоғоз шаклдагиларига обуна бўлишлари мумкин, деб хабар берди РИА Новости.

Ашхобод почтаси 2021 йилга мўлжалланган туркман газета ва журналларга обунасини янгиламоқчи бўлган ҳар бир фуқарога янги йилдан маҳаллий даврий нашрларни фақат электрон шаклда олиш мумкинлигини маълум қилди.

Бир ёки бир нечта нашрларга обуна бўлиш мумкин эмас, фақат мамлакатда расмий равишда нашр этиладиган барча газета ва журналларга — 21 та марказий ва минтақавий газеталар ва саккизта журналларга обуна бўлиш мумкин.

Туркманистондаги деярли барча газета ва журналлар давлатга тегишли.

Барча даврий нашрларга гаджетга ўрнатилиши керак бўлган махсус дастур орқали кириш мумкин бўлади.