2017 йилдан бошлаб республика Гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича биронта норматив ҳужжат қабул қилинмаган. Ўзгидрометнинг хабар беришича, самарали фаолият юритиш учун дарҳол ҳал этилиши зарур бўлган айрим муаммолар мавжуд.

«Бугунги кунда Ўзгидромет ходимларининг ўртача иш ҳақи 1,3 млн сўм, ҳудудий бошқармаларда 1,2 млн сўм, туман ва шаҳарлардаги кузатув бўлинмаларда 800 минг сўмни (!) ташкил этади. Бу республикадаги ўртача кўрсаткичдан деярли икки марта камдир», — дейилади марказ хабарида.

Айтилишича, иш ҳақининг пастлиги соҳага малакали мутахассислар, айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларини жалб қилишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Марказ ахборотида, шунингдек, бу каби шароитларда Ўзгидрометда 5−10 йил ва ундан кўп меҳнат тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар худди шундай лавозимларда иш ҳақи 2−4 марта юқори бўлган бошқа соҳаларга ўтиб кетаётгани ҳақида сўз боради. Охирги 3 йилда Ернинг сунъий йўлдошларидан олинган маълумотларга ишлов бериш, телекоммуникация ва ахборот технологиялари, об-ҳаво прогнозларини тайёрлаш соҳасидаги кўплаб мутахассислар Ўзгидрометдан кетгани, уларнинг аксари етакчи миллий ва хорижий олий таълим муассасалари битирувчилари экани таъкидланмоқда.

«Иш ҳақининг пастлиги Ўзгидромет ходимларида улар ишининг нуфузи йўқлиги ва кераксизлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилган», — дейилади хабарда.

Марказ, шунингдек, гидрометеорология хизматини меъёрда ишлаши ва ривожланиши учун унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича тезкор чоралар ҳамда тармоқни узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси бўйича қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Кадр етишмовчилиги

Ўзгидромет расмий веб саҳифасида берилган эълонга кўра, шу йилнинг 1 октябрь ҳолатига марказ ва унинг ҳудудий бўлимларида жами 93 та бўш иш ўрни мавжуд. «Газета.uz»нинг Ўзгидрометдаги манбасининг маълум қилишича, бир ой ичида яна тўрт нафар ходим ишдан бўшаган. 1 ноябрь ҳолатига бўш иш ўрни 97 тани ташкил этмоқда.

1 октябрь ҳолатига Ўзгидрометдаги бўш иш ўринлари. Фото: Ўзгидромет.

Маълумотга кўра, Гидрометеорологик таъминот хизмати бошлиғи лавозими вакантлиги ва ойлиги 1 739 764 минг сўм экани, ёрдамчи ишчи лавозимида эса ходим 679 330 сўм маош олиши қайд этилган. Энг кўп кадр етишмовчилиги — 10 нафар биринчи тоифали муҳандис, 5 нафар иккинчи тоифали муҳандис, 15 нафар муҳандис, 7 нафар муҳандис синоптик, 15 нафар техник ходим, 10 нафар техник метереолог мутахассислиги бўйича кузатилмоқда. Қолаверса, ушбу мутахассисларга олий маълумотли бўлиши талаби ҳам қўйилган.

Технологик муаммолар

Марказ хабарида, кўпчилик инсонлар Ўзгидромет фаолиятини фақат об-ҳаво прогнозлари билан боғлаши, бироқ республика гидрометеорология хизматининг фаолияти анча кенглиги айтилган. Фавқулодда ҳолатларда аҳоли ва унинг мол-мулкини асрашда об-ҳаво ва иқлими тўғрисида ишончли ва ўз вақтидаги маълумотлар жуда аҳамиятли экани қайд этилган.

«Халқаро ташкилотлар грантлари, бюджет ва Ўзгидрометнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига кузатув тармоғи замонавий асбоб-ускуналар билан босқичма-босқич жиҳозланмоқда, лекин дунёда гидрометеорология соҳаси техник ва технологик жадал ривожланаётган ҳозирги даврда бу етарлича эмас» — дейилади марказ хабарида.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази қисқа, ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогнозлари, дарёлардаги сув ҳажмининг ойлик, чораклик прогнозлари, фуқаролик авиацияси учун метеорологик маълумотлар, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел тошқинлари ва кўчки хавфи, шунингдек Чимён ва Қамчиқ довонида қор кўчкилари тўғрисида огоҳлантиришлар бериб келмоқда.

Бундан ташқари, мамлакат шаҳарлари ва аҳоли пунктларида атмосфера ҳавоси, тупроқ ифлосланиши ва радиациявий ифлосланиш тўғрисидаги ахборотларни таҳлили билан шуғулланади. Қолаверса, Ўзгидромет АЭС қурилиши лойиҳаси учун ҳужжатлар тайёрлашда метеорологик ва экологик кузатувлар ўтказишда иштирок этиб келмоқда.

Кўчки хавфи юқори бўлган станцияларга озиқ-овқат, ёқилғи ва техник ускуналар вертолёт орқали етказиб берилмоқда. Фото: Ўзгидромет.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида жами 323 та метеорологик ва авиаметеорологик кузатув станциялари, гидрологик ва агрометеорологик постлар, атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги пунктлари, қор кўчки станциялари ишламоқда.

Коронавирус пандемияси даврида гидрометеорологик маълумотларни олиш билан боғлиқ мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзгидромет Минтақавий телекоммуникация маркази сифатида Марказий Осиё минтақасининг прогностик бўлинмаларини зарур маълумотлар билан таъминлаб келмоқда.