Олий Мажлис Сенати саккизинчи ялпи мажлисида «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида"ги қонуни кўриб чиқилди. Мазкур қонунни тайёрлашга президентнинг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асос бўлиб хизмат қилган.

Сенат ахборот хизмати хабар беришича, ялпи мажлисда ушбу Қонун Сенат қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар томонидан кўриб чиқилиши жараёнида унинг айрим моддалари қўйиладиган талабларга жавоб бермаслиги қайд этилган. Сенаторлар ушбу қонунни рад этиш бўйича қарор қабул қилишди.

Жумладан, қонуннинг 12-моддаси бешинчи ва 25-моддаси олтинчи хатбошиларини «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқлаштириш лозимлиги билдирилди.

Давлатнинг қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналар фаолиятига аралашувини камайтириш мақсадида қонуннинг тегишли моддалари нормаларини қайта кўриб чиқиш ва 15-моддаси талабларини амалдаги қонунчилик ҳужжатлари нормаси билан мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган нормани Ўзбекистон президентининг 2020 йил 24 августдаги 6044-сонли фармони, яъни мазкур йўналишдаги фаолият лицензияланадиган фаолият турларига кирмаслиги тўғрисидаги талабга мувофиқлаштириш кераклиги ҳам қайд этилди.