Жисмоний шахсларнинг ер солиғини тўлаш сўнги муддати 15 октябрь куни белгиланган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълумот берди.

Aгар бирон сабабга кўра солиқни белгиланган муддатдан кечроқ тўлашга тўғри келса, солиқ органлари томонидан тўловни кечиктирган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида жарима ундирилади.

Жисмоний шахслар учун ер солиғи ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг (кадастр агентлиги) маълумотлари асосида ер участкасининг майдони ва уй жойлашган ҳудуд бўйича белгиланган ставкаларга кўпайтириб аниқланади.

Ер участкаси жойлашган ҳудуднинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари белгиланган солиқ ставкаларига 0,7 дан 1,3 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар белгилаш ҳуқуқига эга.

Мисол учун:

Тошкент шаҳрида 4-ҳудудда жойлашган якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган ерларга фуқаролардан 2020 йил учун ундириладиган ер солиғининг базавий ставкалари 1 кв.м учун 567,2 сўм этиб белгиланган.

400 кв.м (4 сотих)*567,2=226 880 сўм.

Демак, Тошкент шаҳрининг 4-ҳудудида жойлашган 4 сотих ер майдони учун 1 йиллик ер солиғи 226 880 сўм.

Ёки Андижон вилоятининг қишлоқ ҳудуди учун ер солиғининг базавий ставкалари 1 кв.м учун 133,4 сўм этиб белгиланган.

800 кв.м (8 сотих)*133,4=106 720 сўм.

Демак, Андижон вилоятининг қишлоқ ҳудудида жойлашган 8 сотих ер майдон учун 1 йиллик ер солиғи 106 720 сўм.

Ҳудудларнинг ер солиғи учун базавий ставкаларини бу ерда топса бўлади.

Солиқдан қуйидагилар озод қилинади:

  1. «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар.
  2. Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар.
  3. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.
  4. Ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади.
  5. Боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада ўн олти ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир.
  6. Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган) фуқаролар.
  7. Энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — қайта тикланадиган энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга.

Бунда мазкур солиқ имтиёзлари солиқ тўловчининг танлови бўйича фақат битта ер участкасига берилиши мумкин.

Солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ имтиёзларини олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади.

Ер солиғини тўлаш усуллари

  1. Ҳар қандай тижорат банки орқали.
  2. Электрон тўлов воситалари орқали.
  3. Махалла идоралари орқали.