«Давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ва соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қонунчиликка қатор янги механизм ва нормаларни киритиш таклиф этилди» — дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарида.

Унга кўра, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳасида «совға» тушунчасига аниқлик киритилиб, давлат хизматчилари томонидан совға олиш ва бериш тартибини белгиловчи «Совға сиёсати» деб номланган алоҳида боб киритилади.

Қолаверса, давлат органларида коррупция ҳолатлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида Давлат хизматчиларининг одоб-аҳлоқ кодекси ишлаб чиқилиб, унда ходимлар учун чекловларнинг аниқ рўйхати белгиланади.

Коррупциоген жиноятлар бўйича хабар берган фуқаронинг ҳимояси кафолатланиши, унинг шахси сир сақланиши тўғрисидаги норма «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунда ўз аксини топиши ҳам режалаштирилган.