Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Тошкентдаги Республика болалар кутубхонасини реконструкция қилиш лойиҳасини тақдим этди. Жамғарма матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар қилишича, кутубхона реконструкцияси меценатлар ҳисобига амалга оширилади ва 2021 йил мартгача якунланади.

Маълумот учун, Республика болалар кутубхонасининг биноси «Туркистон модерни»нинг ёрқин намунаси бўлиб, у бой тарихга эга. 1893 йилда меъмор И.А.Маркевич томонидан қурилган мазкур бино ХХ асрнинг бошларида Бухоро яҳудийлари ака-ука Вадьяевларга — бир пайтлар Москвадаги афсонавий Метропол меҳмонхонасига эгалик қилган қўқонлик бадавлат пахта саноатчиларига тегишли эди. Кейинчалик мажмуада Тошкент шаҳар Думаси ва Жамоат йиғилиши жойлашган бўлиб, бинонинг турар жой қисми болалар кутубхонасига айлантирилган.

Реконструкция лойиҳаси кутубхоналар ва китоб фондлари билан ишлашга ихтисослашган Ludi Architects (Санкт-Петербург) архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Меъморларнинг фикрига кўра, реконструкция ишлари бино интерьери элементлари ва уларнинг жойлашувига минимал даражада таъсир қилади.

«Бинонинг нодир тарихий қиёфаси замонавий дизайн ечимлари ёрдамида муайян бир муҳитда сақлаб қолинади. Муаллифлар замон руҳини сақлаб қолиш билан бирга, иншоот универсал жиҳатларга эга бўлиши учун лойиҳани тегишли ғоялар билан тўлдиради», — дея таъкидланди жамғармадан.

Кутубхонада очиқ фондлардан ташқари 16 ёшгача бўлган болалар учун коворкинг майдони, лабораториялар ва рақамли контентлар билан ишлаш учун студиялар ташкил этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, мажмуада маърузалар ва маҳорат дарслари учун кенг ўзгарувчан зал ташкил этилади. Бунога туташ ҳудудлар эса жамоат майдонларига айлантирилади.

Лойиҳа бўйича болалар кутубхоналари учун хорижий технологлар жалб қилинади, бу муассаса тузилишини халқаро стандартларга жавоб берадиган даражага олиб чиқади. Улар китоб фонди ишларини ташкил этиш, назорат қилиш ва нашрларни излаш тизимини йўлга қўйишади, ҳозирда бундай нашрлардан 200 минг нусхаси мавжуд бўлиб, бу минтақамиздаги болалар китобларининг энг йирик тўпламидир. Бундан ташқари, кутубхона барча инклюзив талабларга жавоб берадиган қулайликларга эга бўлади, дейилади жаҳғарма хабарида.

Матбуот хизматининг маълумот беришича, илмий ва маданий дастурларда бола шахсини мустақил равишда шакллантириш, унда ўз лойиҳаларини яратиш, мустақил ўрганиш ва изланиш қобилиятларини ривожлантириш учун шароит яратишга қаратилган. Улар санъатда илм-фан, инновация ва замонавий технологиялардан фойдаланиш каби лойиҳаларнинг мавзулари билан ажралиб турадиган STREAM технологияси асосида қурилади, бу эса бугунги кундаги юқори талабга эга бўлган юқори малакали кадрларнинг янги авлодини тайёрлашга хизмат қилади.

Лойиҳа эскизлари


Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.