Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан очилган жиноий иш бўйича мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришишди, дейилади Швейцария ҳукумати баёнотида.

Иккитомонлама келишувга кўра, биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилади.

Келишувда маблағларни реституция қилишнинг асосий тамойиллари ҳам белгиланган. Жумладан, Ўзбекистондан пул маблағларини қайтариш жараёнининг шаффоф ўтиши ва ҳисобдорлик бўлишини таъминлаш, активларни «халқ ҳаётини яхшилаш»га йўналтириш, маблағларни барқарор ривожланишни қўллаб-қувватловчи лойиҳаларга инвестиция қилиш ва мониторинг механизмини яратиш талаб этилади.

650 млн Швейцария франки (715 млн доллар) маблағга тенг активлар Гулнора Каримовага нисбатан давом этаётган жиноят иши доирасида музлатилганлигича қолмоқда. Ушбу маблағлар ҳам қайтарилса, уларга ҳам худди шундай реституция талаблари қўйилади.

2012 йил Швейцария бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан олиб борилаётган жиноят иши доирасида 800 млн Швейцария франкига тенг маблағлни активларни музлатиб қўйган эди. Ушбу сумманинг 131 млн доллари 2019 йилда мусодара қилинган.

Гулнора Каримова ўтган йилнинг баҳоридан Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21 рақамли умумий режимдаги колонияда жазони ўтамоқда. Март ойида Олий суд унинг 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эди.

Май ойида Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган эди. Адлия вазирлиги Гулнора Каримовага тегишли бўлган ва мамлакатга қайтарилаётган маблағларнинг сарфланиши ҳақида жамоатчиликни доимий равишда хабардор қилишга ваъда берган эди.