Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Конституциявий суди ва унинг раиси Бахтиёр Мирбобоевнинг ваколатлари муддати тўғрисидаги мақолалар юзасидан Конституциявий суд ўзининг расмий муносабатини билдирди.

Унда қайд этилишича, ушбу мақолалар «кўпчиликда нотўғри фикрларни шакллантирмоқда». Конституциявий суд бундай фикрларга Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Шуҳрат Полвонов тўлиқ жавоб берган бўлсада, яна баъзи қўшимча маълумотларни беришни лозим деб ҳисоблашини билдириб ўтди.

Расмий муносабатга кўра, ҳозирги кунда Конституциявий суднинг ташкил этилиши ва фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги» конституциявий қонунга мувофиқ тартибга солинади.

Ушбу қонуннинг 6-моддасига мувофиқ «Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас». Конституциявий суднинг таъкидлашича, бу қоида 2017 йил 1 июндан бошлаб сайланган судьяларга нисбатан татбиқ қилинади. Қонунга мувофиқ судьянинг ваколат муддати беш йилни ташкил этади.

Шу билан бирга, расмий муносабатда қонун қабул қилингунча амал қилган Конституциявий суд тўғрисидаги қонунда судьянинг ваколатлари муддатига нисбатан чеклов белгиланмагани таъкидланади.

«Конституциявий қонунда Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади деб белгиланган. Қонунчилик техникасига мувофиқ „қоида тариқасида“ деган тушунча умумий талаб бўлиб, айрим пайтда истисноли ҳолатлар бўлиши мумкинлигини англатади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, баёнотда Конституциявий суд судьяси ва раиси сайланиши масаласига тўхталиб ўтилган.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги» қонунга кўра, Конституциявий суд таркибини шакллантиришда учта субъект иштирок этади. Яъни, Конституцивий суд президентнинг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан сайланади. Судьяларни сайлашда номзоднинг маънавий фазилатлари, ҳаётий тажрибаси, билими ва салоҳияти эътиборга олинади.

«Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида судьялар орасидан сайланади. Яъни, ким судья, суд раиси ёки раис ўринбосари бўлиб сайланиши бир ёки икки кишининг хоҳиш-истагига боғлиқ эмас», — дея таъкдилайди Конституциявий суд.

Расмий муносабатнинг хулосаси сифатида, Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолиятида «қонун бузилиши ҳолатлари мавжуд эмаслиги» қайд этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Конституциявий судни мамлакатнинг Бош қомусига риоя қилмасликда айблаганди. Хусусан, сиёсатшунос Конституциявий суднинг раиси Бахтиёр Мирбобоев беш маротаба Конституциявий суднинг судьяси этиб сайлангани (қонунга мувофиқ икки мартадан ортиқ мумкин эмас) ва у 75 ёшда бўла туриб, Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 бўлиши кераклиги тўғрисидаги қоидани бузаётганини айтиб ўтган.