1 октябрь кунидан бошлаб Ўзбекистонда мобил телефон рақамини ўзгаришсиз бошқа компанияга ўтказиш мумкин бўлади, дея хабар берди Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.

Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларига кўра, мобил алоқа хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида абонентга ажратилган абонент рақамини бошқа мобил алоқа оператори билан янги шартнома тузишда сақлаш ва ундан фойдаланиш мумкин.

«Масалан, агар сиз UzMobile абоненти бўлсангиз, телефон рақамингизни ўзгаришларсиз айнан шу кўринишда (коди билан бирга) Beeline абоненти сифатида расмийлаштиришингиз мумкин. Бунинг учун мобил алоқа компанияси билан тегишли шартнома тузилади», — дейилади хабарда.

Ушбу амалиётни татбиқ этадиган ҳужжат 1 октябрдан кучга киради.