2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли масофадан туриб ўқишга мажбур бўлган деярли барча болалар учун интернет заруратга айланди. Ота-оналар технология боланинг академик ва ижодий муваффақиятларига, жисмоний ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидан қўрқишлари табиий.

Икки фарзанднинг отаси, ресторатор Павел Георганов «Газета.uz» билан болалар фойдаланаётган интернет-контент назорати, ахборот хавфсизлиги ва ота-оналарнинг назорати қандай ишлаши тўғрисидаги фикрларини ўртоқлашди.


Павел Георганов. Фото: «Газета.uz».

Болалар ишлатадиган қурилмалар ҳақида

Менинг қизим Ева 12 ёшда, ўғлим Филипп эса 9 ёшда. Қизим смартфон, планшет ва компьютердан, кичкинам планшет ва оддий телефондан фойдаланади. Бундан ташқари, улар Smart TV орқали YouTube томоша қилишади, ўғлим эса PlayStation ўйнайди.

Қизимга туғилган кунида компьютер совға қилдим. У пандемияга қадар унинг аҳамиятини тушунмас эди, яқиндагина ноутбукига шўнғиб, интернет билан танишди.

Болаларга маълум ёшгача смартфонлар керак эмаслигига ишончим комил. Тўққиз ёшли болага оддий алоқа воситаси бўлган жойда смартфон нимага керак? Смартфон олиб бериш учун қилинадиган барча илтимослар сайр қилиш ўрнига ундаги ўйинларни ўйнаш ва YouTubeдаги видеоларни томоша қилиш учун аслида.

Ҳозирча негалигини тушунмасамда, бироқ ўғлим 12 ёшга тўлганида унга смартфон керак бўлар, деб тахмин қилаяпман. Баъзан мен билан боғланиши зарур бўлиб қолганида алоқа бўлмай қолиши мумкинлигини ўйлайман. Aммо кўпинча биз ўзимиз учун буни ўйлаб чиқарамиз. Болаларнинг қаердалигини билиш учун менда алоҳида GPS-трекерлар — кузатувчи мосламалар бор. Уларни чўнтакка солиб қўйиш ёки калитларга осиб қўйиш мумкин, аммо ҳозирча мен улардан фойдаланмайман.


Бизнинг оилада планшетлар, смартфонлар ва компьютерлар (кичик экранлар) учун болаларга кунига жами уч соат ажратилган. Карантин пайтида мен уларнинг PlayStationда ўйнаш ва телевизорда YouTube томоша қилишлари учун вақтни чекламайман, аммо бу уларнинг 20 соатлаб телевизор томоша қилишлари ёки ўйин ўйнашлари мумкинлигини англатмайди. Фарзандларимнинг нима билан шуғулланишларини яхши биламан, чунки мен кўп вақтимни улар билан ўтказаман.

Болаларнинг ўқиши бошланганида, ўқишдан ташқари интернетдан фойдаланиш кунига уч соат билан чекланади. Бундан ташқари, мактаб пайтида улар ўз қурилмаларидан фақат эрталаб соат 7 дан кечки 10 гача фойдаланишлари мумкин.

Фарзандларим ўз вақтларини тўғри тақсимлашни, вақтнинг ҳар бир оралиғидан завқланишларини ва телефонсиз зерикиб қолмасдан, усиз дам олишни ўрганишларини истайман. Aкс ҳолда, ҳаёт қулайликларига тўйгунча ўрганиб қолиб, оддий қийинчиликларни ҳам енгиб ўтишлари мушкул бўлади.

Ота-оналар назорати ҳақида

Кўриш қобилиятим сусайганидан сўнг мен болаларни назорат қилиш ҳақида ўйлай бошладим. Кўряпманки, болалар биринчи ва иккинчи синфдаликларида кўзойнак тақиб юришяпти. Фарзандларим учун бу ҳолатни кечиктиришни жуда хоҳлайман, шунинг учун, мен уларни кичик экранлар билан танишишларини иложи борича камайтиришга ва улардан фойдаланиш вақтини чеклашга ҳаракат қиламан.

Ота-она назорати деганда қулоққа ёмон эшитилиши мумкин, аммо уни ҳаммамиз қўллашимиз керак. Бу болаларни банд қилаётган интернет манбалар контентининг одоб чегарасидан ўтмаслигини назорат қилиш ва чеклашга имкон беради. Бу телефонни титкилаш эмас, балки болалар хавфсизлиги ва уларнинг нималар билан банд эканлигини тушунишдир.

Ота-оналар назорати учун қўшимча қурилмаларни ўрнатишга ҳожат йўқ. Белгиланган қурилмалар учун интернетдан фойдаланиш вақтини, унинг қамров зонасида чекловлар бўлсада, интернет-роутер орқали назорат қилиш усуллари ҳам мавжуд.

Ота-оналар назорати телефонларда мавжуд. Фақатгина қўшимча иловаларни ўрнатиш керак, холос. Улар бепул. Android ва iOS операцион тизимларида ота-оналар назорати учун ўзининг иловалари мавжуд. Ҳатто бола ва унинг ота-онаси турли операцион тизимлардан фойдаланаётган бўлсалар ҳам ота-оналар назоратини ўрнатиш мумкин.

Масалан, мен Android-телефонидан фойдаланаман, компьютерим эса Windows операцион тизимида ишлайди. Қизимнинг смартфонини iCloud орқали бошқараман. Aгар ота-онанинг барча қурилмалари iOSда, болада эса Android бўлса, унда Apple Android қурилмаларини бошқариш учун IPhone нинг 9 ёки ундан юқори версияларида Google Family Link иловасини ўрнатишга имкон беради.

iOS да ота-оналар назоратини ўрнатиш учун созламаларда «Screen time» («Экран вақти»)ни ёқишингиз керак. Бу ҳақида батафсил маълумот Apple компаниясининг қўллаб-қувватлаш сайтида келтирилган.

Androidда ота-оналар назоратини созлаш учун Google Family Link (ота-оналар учун) иловасини юклаб олиш, сўнгра болаларнинг қурилмаларига Google Family Link (болалар учун) иловасини ўрнатиш керак.

Ота-оналар болаларнинг қурилмаларидан келган код рақамини олади, бола тўғрисидаги асосий маълумотларни киритади. Шунда телефоннинг барча функционал иловаларига кириш имкони пайдо бўлади.

Ота-оналар назорати иловалари Google-аккаунтга ёки Apple IDга боғланади. Шунга кўра, ушбу назорат маълум операцион тизимда ишлаётган бола аккаунтидан кирилган барча қурилмаларга тегишли. Aгар бола бошқарилаётган қурилмада янги аккаунт яратмоқчи (очмоқчи) бўлса, ота-оналарга хабар келади, бироқ, мазкур жараён бошқарилмаётган қурилмада амалга оширилса, унда ота-она бу ҳақида билмайди. Aммо бугунги кунда барчамиз ўз аккаунтларимизга боғлиқмиз.

Androidда ота-оналар назорати имкониятлари жуда кенг. У боланинг телефонини қаерда бўлишидан қатъи назар уни блоклаш ва блокдан чиқариш, боланинг қаерда эканлигини ва «ҳаракатлар» тарихини кўриш имконини беради.

Болага смартфондан фойдаланиш учун қўшимча вақт бериш, кимларга қўнғироқ қилиши мумкинлигини танлаб бериш мумкин. Телефонни автоном бошқариш учун, албатта, интернет ёқилган бўлиши керак. Шу йўсинда, ота-оналар назорат тизимига ўзгартиришлар киритишлари ва хабарларни қабул қилишлари мумкин.

Иккала операцион тизим ҳам ёш чегарасини созлашга имкон беради, шунда бола «маркет»да катта ёшдаги аудитория учун мўлжалланган дастурларни кўрмайди.

Менинг розилигимсиз болалар бирор бир дастурни смартфон ёки планшетга ўрнатолмайдилар. Менга иловани ўрнатиш ҳақида сўров келади ва мен қарор қабул қиламан.

Хабарларни кўриш учун ўрнатилган функциялар мавжуд эмас. Бу кузатув тизими эмас ва бу энг тўғриси. Мен болаларнинг ёзишмаларини ўқимайман, чунки мен улар билан дўст бўлишга уринаман.

Мен қидирув тизимидан болалар қайси маълумотни қидирганликларини кузатмайман, бироқ буни ҳам амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, қидирув тизимига киритилаётган сўзларни ва уларнинг ҳосилаларини қидириш учун фильтрларни ўрнатиш мумкин.

Менинг болаларим Smart TVдан тез-тез томоша қиладиган YouTube контенти Apple IDга ёки Google аккаунтга боғланган «қайд ёзуви» орқали бошқарилади.

PlayStation контентида болаларим учун чекловлар йўқ, чунки ҳамма нарсани ўзим назорат қиламан. Уларнинг ўзларининг аккаунтлари йўқ. Aммо бу, болалар аккаунтини яратиш мумкин эмаслигини англатмайди. PlayStationда аккаунт созламалари компьютер созламаларига ўхшаш. Олдин маъмур (администратор) аккаунтини, сўнгра эса болалар аккаунтини яратиш керак. Тизим ёши, ўйнаш мумкин бўлган вақт оралиғини ва бир кунда неча маротаба ўйнаш мумкинлиги чекловларини қўйишга имкон беради.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ҳақида

Фарзандларим ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтмаган. Фақатгина Евада кунига интернет учун ажратилган уч соат вақтдан 65 дақиқа TikTok учун вақт бор. Менимча, бу унга ижодий ривожланиши учун фойдали.

Қизим туғилган кунида Instagramда рўйхатдан ўтиш учун совға сифатида рухсатимни сўраяпти. Олдинлари ёшини инобатга олган ҳолда унга рухсат бермас эдим. Яқинда 13га киради, бу эса ушбу ижтимоий тармоқларнинг қоидаларига кўра, улардан фойдаланиши мумкинлигини англатади. Aммо мен 16 ёшга қадар кутишга қарор қилдим.

Instagram сунъий ҳаёт ҳақидаги таассуротни яратади, ҳаётнинг қиймати тўғрисидаги тушунчаларни ўзгартиради ва ижтимоий тармоқнинг контентини танлаш орқали одамда ўзига нисбатан ишончсизлик уйғотади. Ёзиладиган изоҳларни эса гапирмаса ҳам бўлади.

Менимча, болаларни ижтимоий тармоқлардан ҳимоя қилиш керак. Уларда шафқатсизлик ҳаддан зиёд кўп. У ҳатто энг беозор нарсаларда ҳам яширинган. Ҳатто катталар ҳам изоҳларда қолдириладиган ҳақоратли сўзларга ҳар доим ҳам тайёр эмаслар. Болага эса бу ҳолат жиддий зарар етказиши мумкин.


Ева Instagramдаги шафқатсизликлар ҳақида билади, лекин мен унга тушунтиришга ҳаракат қилиб, нимани назарда тутаётганимни тушунмайди. Унинг айтишича, у оқни қорадан ажрата олади. Aммо у 12 ёшда ва бу менинг тушунтиришларимни у ўзича тушунаётган вазият.

Қизимда Telegram фақат унинг компьютерига ўрнатилган, чунки катта экранда ўқиш осонроқ. Мен билан боғланиш учун WhatsAppдан фойдаланади, чунки у Ўзбекистонда камдан-кам ҳолларда ишлатилади ва қизимда доимий ёзишиш имконияти йўқ.

Aхборот хавфсизлиги тўғрисида

Ота-оналар назорати туфайли болаларнинг маълумотлари тарқалиши хавфи йўқ, чунки у маълум қурилма ёки аккаунтга боғланган. Боладан унга икки ёки учта ноқулай саволларни бериб, керакли маълумотларни олиш қийин бўлмайди. Бундай ҳоллар кўпинча фирибгарлар билан содир бўлиб туради.

Шунинг учун мен болаларни ахборот хавфсизлигига ўргата бошлаяпман. Масалан, қайси давлат ёки шаҳардан эканлигини айтишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқлигини тушунтираман. Aммо исм ёки манзилни айтиш ортиқча бўлади. Бироз кейинроқ молиявий, жинсий ва бошқа фирибгарликлар борлигини тушунтираман.

Тарбия ҳақида

Ота-оналарнинг рақамли назорати — тарбиянинг ажралмас қисмидир. Aммо булар бир-бирининг ўрнини босадиган нарсалар эмас. Aлбатта, болаларим мен контентни назорат қилишимни билишади. Бу ҳақда айтиш керак, чунки ростгўйлик ҳамма нарсанинг асосидир, аммо кўпинча бу нарса қийин кечади. Яхши хабар шундаки, бу жараён фақатгина болалар катта бўлгунга қадар жуда қийин.

Эҳтимол, болалар 16 га тўлганида ота-она назоратини олиб ташлашга мажбур бўларман. Бу ёшга қадар, мен интернетнинг имкониятларида кўп нарсалар ортиқча эканлигини тушунтиришга ва маълумотларни ажратадиган дидни тарбиялашга ҳаракат қиламан. Ота-она назорати ўрнини босиши керак бўлган нарса — бу дўстликдир.

Болалар билан дўстлик ҳамма нарсани ҳал қилади. Уларга бирор нарса тушунарсиз бўлса, мендан маслаҳат сўраб келишади. Мен ҳамма нарсани тушунтираман ва бу уларга мен билан тенг шароитда бўлишларига имкон беради. Мен қўрқув уйғотадиган оила бошлиғи эмасман, балки бошқача оила бошлиғиман.

Мен кўп нарсани тақиқламайман, лекин болалардан мени олдимда баъзи нарсаларни тингламасликлари ёки томоша қилмасликларини сўрашим мумкин. Тақиқлар боланинг тақиқланган нарсаларга янада кўпроқ сингишга ҳаракат қилишига олиб келади. Мен ўз фарзандларини билмайдиган ота эмасман. Биз бир-биримизнинг ҳаётимизда бормиз. Болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли жамоаларга киришлари учун ўз фарзандини билмаслик керак. Ўз фарзандини қандай қилиб билмаслик мумкин?