Таниқли ўзбекистонлик тадбиркор Бобир Акилханов Forbes Technology Council (Forbes журналининг технология бўйича кенгаши) таркибига кирди. Бу ҳақда тадбиркор ўзиинг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, Иллинойс ва Нью-Мексико штатларидан ўзининг иккинчи бизнес шартномасини (Missed.com ва Jafton.com лойиҳалари учун) олганидан сўнг Бобир Акилханов Forbes томонидан Forbes Tech Councilга аъзо бўлган биринчи ўзбек сифатида номзод этиб кўрсатилганини айтиб ўтди.

Маълумот учун, Forbes Tech Council бу энг яхши IT-мутаҳасисслар кенгашидир, унга фақат Forbes нинг таклифига биноан аъзо бўлиш мумкин. FTC нинг ҳар бир аъзосига ўзларининг Forbes.com саҳифаси ва унда ўз мақолаларини нашр этиш имконияти берилади.

«Мен йигирма йиллик IT соҳадаги тажрибамни Forbes глобал аудиторияси билан баҳам кўриш имкониятига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Мен қандай қилиб биз технологик компания сифатида тарихдаги энг катта инқирозларни бошдан кечирганимиз ва қандай қилиб қийин пайтларда ўз ўрнимизни топишимиз ва мослашувчан ёндашув орқали бизнес сифатида омон қолишимиз ва янада кучлироқ бўлишимиз ҳақида мақолаларни нашр қиламан», — деди Бобир Акилханов.

Шу ўринда тадбиркор ўзининг хабарида муштарийларидан IT соҳага доир қайси мавзуларни ўз мақолаларида қамраб олиши кераклигини сўраб ўтди.

Бобир Акилханов — Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги халқаро мактаб битирувчиси ва Charles Sturt University (Австралия) IT соҳа бўйича бакалаври. У Billur.com хостинг компанияси асосчиларидан бири, Plov.com инвестори, KupiOtpusk ва Blockcrunch Capital холдинг компанияларининг асосчисидир.