2020 йил январь-июнь ойлари Ўзбекистонда 6,7 трлн сўмлик Давлат бюджети дефицити билан якунланди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди.

Бюджет даромадлари

Қайд этилишича, Ўзбекистон Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги даромадлари 58,157 трлн сўмга ёки тасдиқланган йиллик параметрга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилди. Ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга кўп маблағ туширилишига эришилди.

«Иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва коронавирус пандемияси даврида берилган солиқ имтиёзлари сабабли II чоракда солиқ даромадларининг пасайишига қарамасдан, жами солиқ тушумлари миқдори I ярим йилликда ўсди», — дейилади шарҳда.

Даромадларнинг 19,739 трлн сўми (жами даромадларнинг 33,9 фоизи) бевосита солиқлар, 21,510 трлн сўми (37 фоизи) билвосита солиқлар, 9,695 трлн сўми (16,7 фоизи) ресурс тўловлари ва мулк солиғи ва 7,211 трлн сўми (12,4 фоизи) бошқа даромадлар ҳисобидан шакллантирилди.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми 12,870 трлн сўмни ташкил этгани қайд этилди.


Манба: Молия вазирлиги

Бюджет харажатлари

Хабарга кўра, Давлат бюджетининг биринчи ярим йиллик харажатлари эса 64,878 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 25,4 фоизни ташкил этди. Шундан маҳаллий бюджетларнинг харажатлари 20,203 трлн сўмга тенг бўлди. Ҳисобот даврида Давлат бюджети дефицити 6,721 трлн сўмни ташкил этди.

«Жами харажатлар таркибида ижтимоий соҳа харажатлари энг кўп улушга (53,4%) эга бўлиб, ушбу йўналишда фаолият юритаётган ташкилот ва муассасаларни сақлаш ҳамда соҳага тааллуқли тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 34,665 трлн сўм маблағ йўналтирилди», — дейилади хабарда.

Манба: Молия вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, 18 май куни Молия вазирлиги 2020 йилнинг I чорак якунлари бўйича Давлат бюджети ижроси тўғрисида маълумот берганди. Унга кўра, январь-март ойларида Давлат бюджети даромадлари 28,5 трлн сўмни, харажатлари эса 27,7 трлн сўмни ташкил этиб, давлат бюджети профицити 0,8 трлн сўмни ташкил этган. Шунда, вазирлик коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодиётга катта таъсир кўрсатмаганини билдирганди