11 октябрь куни Тожикистонда президент сайловлари куни деб эълон қилинди, дея хабар берди «Ховар» Тожикистон миллий ахборот агентлиги.

Таъкидланишича, 6 август куни Душанбе шаҳрида Тожикистон парламентининг (Маджлиси Оли) навбатдаги 6-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламентнинг иккала палатасининг — Маджлиси милли ва Маджлиси намояндагон — қўшма қарори билан 11 октябрь куни мамлакатда президент сайловлари куни бўлишини маълум бўлди.

Маълумот учун, Тожикистон Конституциясининг 65-моддасига асосан давлат раҳбари яширин овоз бериш орқали умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида 7 (етти) йил муддатга сайланади. Худди шу моддага биноан, битта шахс кетма-кет икки муддатдан кўп Тожикистон президенти бўлиши мумкин эмас.

Шу билан бирга, 2016 йилда мамлкатда ўтказилган конституцион референдум натижаларига кўра, ушбу моддага истисно ҳолати киритилган. Яъни, «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — Миллат етакчиси» расмий давлат унвонинига эга амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмон чексиз марта президентликка сайланиши мумкин. У ушбу лавозимни 1994 йилдан бери эгаллаб келмоқда.

Шунингдек, Конституцияга мувофиқ фақатгина 30 ёшга тўлган, олий маълумотли, тожик тилини биладиган, илгари судланмаган, диний ташкилотлар ва бирлашмаларга мансуб бўлмаган, сайловлар ўтказилишидан олдин камида ўн йил давомида мамлакат ҳудудида доимий яшаб келган Тожикистон фуқароси президентликка номзод сифатида рўйхатга киритилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда охирги президент сайловлари 2013 йили бўлиб ўтганди. Унда Эмомали Раҳмон 83,92% овоз йиғиб, Тожикистон президенти лавозимига тўртинчи мартта қайта сайланганди.