30 июль куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йилнинг биринчи 6 ойи якуни бўйича ахбороти дастлабки тарзда эшитилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, ушбу соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 20497 таси ёки 95,2 фоизи фош этилган. Тергов органлари қидирувида бўлган 1051 нафар шахс ушланган ва 261 нафар бедарак йўқолганлар топилган.

Қайд этилишича, Ички ишлар органлари ташаббуси билан 4158 та жиноят аниқланган. Республикадаги жами 9145 та маҳалланинг 66,3 фоизида ёки 6061 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Шу билан бирга, мажлисда ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатаётганлиги билдириб ўтилди.

Хусусан, 2020 йилнинг январь-июнь ойларида республика миқёсида 21535 та жиноят қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 63,3 тадан тўғри келган.

«Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда», — дейилади хабарда.

Бунда, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси, оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 76 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шунингдек, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 5940 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 52,6 фоизи Тошкент, Бухоро, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 2776 нафарига «ҳимоя ордери» берилгани маълум қилинди.

«Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида жорий йилнинг 6 ойида республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят ёшлар томонидан содир этилган», — дейилади вазирликнинг ҳисоботида.

Таъкидланишича, мазкур ҳисобот парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган.