Ўзбекистон фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 122798 та иш кўриб чиқилди, дея хабар берди Олий суднинг матбуот хизмати. Мазкур кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизга камайган.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида 39,8 млрд сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томондан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 30424 та суд буйруғи чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сумма бўйича 1,7 фоизга, суд буйруқлари сони бўйича эса 21,2 фоизга камайди.

Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 77856 та ҳал қилув қарори чиқарилди. Бунда талабларнинг 84,3% дан ортиғи қаноатлантирилгани маълум қилинди.

Таъкидланишича, даъво тартибидаги 92374 та фуқаролик ишларидан 19074 таси никоҳдан ажратиш, 18620 таси битимлар билан боғлиқ, 967 таси оталикни белгилаш, 1381 таси уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, 13747 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузишга оид ва бошқа ишлар ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган 19074 та ишнинг 10799 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (қонуний никоҳлар бекор қилинган), 6012 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (қонуний никоҳлар бекор қилинмаган), 1112 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган ҳамда 1151 таси кўрмасдан қолдирилган.

Шу билан бирга, 35498 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилгани ҳам маълум қилинади. Фуқаролик ишлари бўйича судлар аҳоли билан 1 406 та учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 371 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 177 та қарор бекор қилинди ва 39 та суд қарорлари ўзгартирилди.