Чуст тумани ҳудудида жойлашган «Наманган» эркин иқтисодий зонасида Хитойнинг Сhangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилади, дея хабар берди Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ушбу эркин иқтисодий зона Президентнинг 2018 йил 20 августдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, 681 гектар майдонни эгаллаган. Ҳозирда бу ерда умумий қиймати 601 миллион долларлик 18 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан иккитаси — «Чуст текстиль» ва «Ифода агрокимёҳимоя» корхоналари аллақачон ўз фаолиятини бошлаган.

Namangan Сhangan Motors МЧЖ томонидан лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 1800 та 1−1,5 тонна юк кўтарадиган 4 хил русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади ва 120 киши иш билан таъминланади. Кейинги 3 йил давомида маҳаллийлаштиришни 50 фоизгача етказиш ва маҳсулотнинг учдан бир қисмини БАА ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.

Хитойнинг Сhangan брендига мансуб кичик юк автомобилларини ишлаб чиқариш «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган. Ишлаб чиқаришга сўнгги 10 йил давомида БААнинг Ажман шаҳрида истиқомат қилиб келаётган асли наманганлик тадбиркор Жобирхон Ҳомидов томонидан 800 минг доллар, 2 млн доллар хорижий инвесторлар улуши ва 3 млн доллар банк кредити, жами 5,8 млн доллар миқдорида инвестиция киритилмоқда.

«Тадбиркорнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзида йилига 20 мингтагача шундай русумдаги автомобилларга эҳтиёж мавжуд. Яқин ва узоқ хориж бозорлари инобатга олинадиган бўлса, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини чамалаш мумкин бўлади», — дейилади Наманган ҳокимлиги хабарида.

«Автомобилсозлик саноати машинасозлик саноатининг етакчи тармоқларидан бири саналади. У нафақат мамлакат иқтисодиётининг ўсишига, балки машинасозлик соҳасига қайсидир даражада даҳлдор бўлган бошқа хўжалик тармоқларининг ривожига ҳамда илмий — техник ривожланиш йўналишлари тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутади.

Namangan Сhangan Motors томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларга ҳозирнинг ўзида талаб ва харидорлар етарли эканлиги кишини қувонтиради. Келгусида бу ерда эҳтиёт қисмлар тайёрланадиган бошқа корхоналар ҳам пайдо бўлиши ва яхлит мажмуа юзага келиши айни муддао бўлади", — дейди Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров.

Илк автомобиллар 2021 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқарилиши бошланиши кутилмоқда.