Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг даромад ва харажатлари ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, 17 июль кунига қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғарма ҳисобига жами 7,44 трлн сўм келиб тушган. Улардан 7,32 трлн сўми халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари бўлса, қолган 123,5 млрд сўми Давлат бюджети ҳисобидан. Жамғарма харажатлари 6,4 трлн сўмга тенг бўлгани маълум қилинди.

Ижтимоий соҳа

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан энг кўп маблағ мамлакат ижтимоий соҳасига — жами 2,2 трлн сўм (+1,3 тлрн сўм) йўналтирилган. Бунда, маблағлар қуйидагича тақсимланган:

  • 512 млрд сўм шаҳарлар ва кўча йўлларини таъмирлаш ишларига;
  • 311 млрд сўм ижтимоий нафақаларга;
  • 298 млрд сўм умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларни қуриш, реконструкциялаш, жиҳозлаш ишларига;
  • 200 млрд сўм банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун Жамоат ишлари жамғармасига;
  • 181 млрд сўм Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ссуда сифатида;
  • 138 млрд сўм мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига
  • 117 млрд сўм бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига субсидия;
  • 100 млрд сўм Президент мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ишларига;
  • 80 млрд сўм кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун Касаба уюшмалари федерациясига;
  • 78 млрд сўм маҳаллий бюджетларга солиқ имтиёзлари берилиши натижасида даромадлар етишмовчилигини қоплаш учун;
  • 54 млрд сўм «Ўзтемирйўловчи» АЖнинг фуқароларни манзилларига етказиб қўйиш харажатлари;
  • 50 млрд сўм ишсиз, кам таъминланган оилаларга шахсий томорқаларини ривожлантиришга;
  • 24 млрд сўм «Тошкент метрополитени» ва «Тошшаҳартрансхизмат» ходимларига иш ҳақи тўлаш учун;
  • 20 млрд сўм «Агробанк» АТБга аҳоли бандлигини таъминлаш учун кредит линиялари;
  • 20 млрд сўм карантиндаги фуқароларни доимий яшаш манзилларига олиб бориб қўйиш ҳамда хорижий давлатлардан қайтиб келган фуқароларни карантин ҳудудларига ташиш харажатлари;
  • 9 млрд сўм «Ўзавтотранссервис» ва «Тошшаҳартрансхизмат» транспорт харажатларини қоплашга.


Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш

Мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун жами 2 трлн сўм (+320 млрд сўм) сарфланган. Ушбу маблағнинг 500 млрд сўми «Иссиқлик электр станциялари» АЖ корхоналарига, 401 млрд сўм эса Ўзбекнефтгаз АЖга субсидия сифатида, 250 млрд сўм «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ссуда сифатида берилган.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 300 млрд сўм маблағ туман бюджетларига ер майдонларидан фойдаланиш учун ажратилган.

Шу билан бирга, авиация соҳасига жами 507 млрд сўм сарфланган (406 млрд сўм Uzbekistan Airways ва 101 млрд Uzbekistan Airports`га ссуда сифатида берилган). Ўз ўрнида, туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 20 млрд сўм ажратилган.

Қолган 40 млрд сўм эса «Биринчи Резинотехника Заводи» МЧЖнинг харажатларини қоплаш учун сафарбар этилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳисобига 907 млрд сўм (+262 млрд сўм) ўтказилган. Ушбу суммадан 375 млрд сўм тест тизимлари, реактивлар ва ҳимоя воситаларини сотиб олиш учун сарфланган.

202 млрд сўм фуқароларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларга ва 76 млрд сўм уларнинг овқатлантиришга; 25 млрд сўм жамоат жойларини дезинфекция қилиш ишларига, 9 млрд сўм эпидемиологик ҳолат билан курашиш бўйича тадбирларга сарфланган.

Бундан ташқари, карантин тадбирлари ва коронавирусга қарши курашда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларга қўшимча рағбатлантириш учун тўловларга 301 млрд сўм сарфланган. 11 млрд сўм махсус автотранспорт воситаларини харид қилиш учун яратилган.


Шифохоналарни қуриш ва жиҳозлаш

Жами 684 млрд сўм (+140 млрд сўм) шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун сарфланган. Ушбу маблағнинг 354 млрд сўми 10 минг ўринли махсус шифохоналар қуриш учун, 251 млрд сўм 20 минг ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасини қуриш учун, 69 млрд сўм Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ҳамда Сурхондарё вилоятларида ташкил этиладиган махсус шифохоналар ва вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаларига, шунингдек, 10 млрд сўм диагностика лабораторияси мажмуаси реконструкциясига сарфланган.

Сув таъминоти ва ирригация тадбирлари

Харажатлар қаторида 602 млрд сўм (+29 млрд сўм) сув таъминоти ва ирригация тадбирларига йўналтирилган.

Бунда, ажратилган маблағлар қуйидагича тақсимланган:

  • 335 млрд сўм ирригация объектларини қуриш ва реконструкцияси учун;
  • 153 млрд сўм Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ичимлик суви таъминоти ва оқава сув чиқариш тизимларини қуришга;
  • 61 млрд сўм «Ҳудудий сув таъминоти» МЧЖга ссуда тариқасида ажратилган маблағлар;
  • 53 млрд сўм Давлат экология қўмитасига ссуда сифатида.