Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда содир бўлган ҳолатни қатъий қоралайди, дея марказнинг матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, 30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А. Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилгани ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқлангани, унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 11 июнь куни вафот этган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ушбу ҳолатни қатъий қоралаши ҳақида маълум қилди.

Таъкидланишича, ушбу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази бош прокурор Н.Т. Йўлдошевга ва ички ишлар вазири П.Р. Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилган.

«Бу қайғули ҳолат аввало навқирон бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва марҳумнинг оила аъзоларини чексиз мотаму айрилиқ ғамига дучор этгани билан ҳар биримизни асло бефарқ қолдирмайди. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз», — дейилади хабарда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган.