25 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3180 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аниқланиб, улардан 3 нафари хориждан келган халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчилари (улардан 2 нафари украиналик), 1 нафари чегара божхона пости ходими.

Коронавирусга чалинганларнинг 5 нафари эса Самарқанд вилоятида аниқланган. Уларнинг 4 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлиб юқтирган. 1 нафари эса аҳоли орасидан аниқланган. Ҳозирда эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Яна 1 нафар Тошкент вилоятида чегара божхона пости ходимида аниқланган. Қолган 6 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида қайд этилди, дейилади хабарда.

Ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 602 киши даволанмоқда, улардан 3 нафарининг аҳволи оғир, деб маълум қилинмоқда.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 2565 кишини ташкил этмоқда. Ўн уч киши ҳаётдан кўз юмган.