Сирдарёдаги Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши бўйича олиб борилаётган жиноий иш доирасида 4 та асосий тергов тахмини мавжуд. Бу ҳақда бош прокурор матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсуддинов Халқаро пресс-клубнинг Сардобадаги фалокатга бағишланган сессиясида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Сардоба сув омбори объектининг пудратчиси «Сирдарёсувқурилишинвест» ДУК, яъни собиқ Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «15-чи сонли қурилаётган объектлар бирлашган дирекцияси» бўла туриб, бош пудратчи сифатида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК қатнашган. Қурилиш ишларига 28 та суб-пудратчии жалб қилинган.

«Лойиҳачи сифатида „Узгип“ МЧЖ иштирок этган. Лойиҳа қиймати 1,2 трлн сўмни ташкил қилган. Молиялаштириш манбаи бюджет маблағлари ҳисобидан бўлган», — деди Бош прокуратура вакили.

Маълум бўлишича, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўлиқ ва холисона олиб бориш мақсадида ДХХ ҳамда ИИВнинг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи ташкил қилинган.

Жиноят иши бўйича қуйидаги асосий тергов тахминлари, яъни версиялари олдинга сурилиб, текширилмоқда:

  1. лойиҳалашдаги хатоликлар;
  2. қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;
  3. эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
  4. табиий офат.

«Тергов тахминларини текшириш мақсадида, дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахслар тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, унинг қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинди. Жиноят иши доирасида 10 тадан ортиқ экспертиза лаборатория таҳлилий тадқиқотлар тайинланди, дея маълум қилди Ҳаёт Шамсуддинов.

Маълумотга кўра, сув омбори тўғони, лойиҳага мос равишда қурилгани, эксплуатация қоидаларига риоя этилгани, ҳисоботда акс эттирган эксплуатация харажатлари ва уларнинг ишлари ҳақиқатдан ҳам бажарилганлиги, молиявий хўжалиги ҳисоботлари тўғри бажарилганлиги текширилмоқда.

Бундан ташқари, жиноят иши бўйича 25 тадан зиёд тегишли соҳадаги юқори малакали мутахассислар жалб қилинган бўлиб, ҳозирда тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бунда, гидротехника иншоотларни қуриш ва эксплуатация қилиш соҳадаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда бутун тўғон, ички ва ташқи томони кўздан кечирилиб, унинг фаолиятига эҳтимол таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиш содир бўлди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Шунингдек, «Газета.uz» очиқ маълумотлар ва ахборот манбалари асосланиб «Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонаси Сардоба сув омбори қурилишида бош пудратчи бўлганини ҳамда гидроиншоот қиймати 1,3 трлн сўмни (404 млн доллар) ташкил этганини аниқлаган эди.