1 май куни Сирдарё вилоятида Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида сув остида қолган ҳудудлардан ўн минглаб фуқаролар хавфсиз жойларга эвакуация қилинди. Ҳозирча сув қайтгани йўқ ва одамлар мактаблар, коллежлар, лицей ва болалар боғчаларига вақтинча яшаб турибди.

Биринчи куни эвакуация қилинганлар хусусий хонадонларга ҳам жойлаштирилди ва аҳоли уларни мамнунлик билан ўз уйларига қабул қилди. Ҳозирга келиб барча эвакуация қилинганлар уюшган ҳолда махсус ажратилган марказларга жойлаштирилган. Ўзбекистон ФВВ матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, вилоятда захира дала лагерини барпо этиш ишлари якунига етмоқда.

«Газета.uz» мухбири Никита Макаренко офат ҳудудидан эвакуация қилинганлар жойлаштирилган марказлардан бири — Мирзаобод туманидаги 3-болалар боғчасига ташриф буюрди. Айни шу вақтда болалар боғчаси, ИИВ ва прокуратура ходимлари инсонпарварлик ёрдами — кийимларни саралаш билан машғул экан. Ушбу кийим-кечаклар маҳаллий аҳоли ва тошкентликлар томонидан тақдим этилган.

Кийимлар шу қадар кўп эканки, эвакуация қилинганлар ўзларига маъқулларини танлаб олгач, қолганлари Ёшлар иттифоқи кўнгиллилари томонидан бошқа марказларга олиб кетилди.

Болалар боғчаси ходимларининг маълум қилишича, бу ерда барча зарур шароитлар яратилган. Ҳокимият томонидан иссиқ овқат ташкиллаштирилган. Айни вақтда боғчада 24 нафар эвакуация қилинган бола ҳам бор.

Катта ёшлилар мухбир билан суҳбатда деярли ҳеч нарсага эҳтиёж сезмаётганларини маълум қилди. Улар шароитлардан мамнун, бироқ тезроқ уйларига қайтишни хоҳлашмоқда. Одамларни энг кўп мол-мулклари ва келажаклари ташвишга солмоқда.

Болалар боғчасида вақтида мухбир маҳаллий аҳолидан таркиб топган кўнгиллиларнинг ташрифига гувоҳ бўлди. Кўнгиллиларга профилактика инспектори ҳамроҳлик қилмоқда. Улар болалар учун ўйинчоқлар ва тагликлар тарқатишди.

Сирдарё вилоятига мамлакатнинг турли ҳудудларидан инсонпарварлик ёрдамлари келишда давом этмоқда. «Тошкент-Гулистон» автойўлида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва мебель ортилган юк машиналари карвонига кўриш мумкин.

Видео