Наманганда коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон — томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Наманганлик М. шу йилнинг 20 апрелида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали реанимация бўлимига юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси билан ётқизилган. Ёндош касалликлари ҳисобига у қарийб икки ҳафта давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда «Covid-19» инфекцияси ҳам аниқланган.

Бундан аввал эса ушбу бемор (эркак) бош мия фалажи, иккиламчи камқонлик оғир даражаси, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби қатор ташхислари билан даволанган. 29 йилдан буён ётоқдаги бемор бўлиши билан бирга биринчи гуруҳ ногиронлиги ҳам белгиланган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари билан бирга хорижлик, жумладан, хитойлик шифокорлар томонидан ҳам бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.

Бироқ пульмонолог, терапевт, кардиолог, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дейилади хабарда.