Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Сардоба сув омбори тўғонидан сув чиқишидан азият чеккан аҳоли вакиллари билан учрашувда шароит яхши бўлгунга қадар ўзи ва барча раҳбарлар ҳеч қаерга кетмаслигини маълум қилди. Учрашув тафсилотлари «Ўзбекистон 24» телеканали орқали эфирга узатилди.

«Буям бир синов, ҳеч ким кутмаган синов. Энг катта қилган ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш эди. Сизлар мана шу Оқолтин туманининг раҳбарлари, оқсоқоллари, нуронийлари ва маҳалла раисларидан илтимос қиламан — ҳозир одамларни саранжом қилиб, ҳаммамиз маҳалла-маҳаллабай қилиб йиғиб олиб, ҳамма шароитини вақтинчалик яратиб берамиз», — деди давлат раҳбари.

Президент одамларни уйларга жойлаштириб, нонини, овқатини, ҳамма шароитини қилиш кераклигини таъкидлади.

«Маҳалла раиси билан участка нозири ўтириб, ҳамма шароитини яратади. Ҳамма куч ва воситани шунга сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча, бирорта раҳбар, мен бош, бирортамиз ҳеч қаерга қимирламаймиз. Энг катта нарса ўзларингни қўлга олишларинг керак. Бу энди ҳеч ким кутмаган фалокат, биров тахмин қилиб бўлмаган фалокат», — деди Шавкат Мирзиёев.

«2020 йил оғир келди, пандемия ҳам бир бало бўлди — мана шу оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Ҳозир хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Одамларни ваҳима қилдирмаслик керак. Айниқса аёллар, ёшларни тинчлантириш керак. Бирорта хонадон, бирор аҳолимиз эътиборсиз қолмайди. Жойини ҳам қилиб берамиз, шароитини ҳам қилиб берамиз. Сизлар билан бамаслаҳат. Қурилишларни бошлаймиз. Худонинг ўзи ҳаммамизга сабр берсин, Ўзи қўллаб-қувватласин», — дея ўз сўзларига якун ясади давлат раҳбари.

Президент вертолётда Сардоба сув омбори тўғонининг сув чиққан қисмини кўзда кечирди. Ҳукумат комиссияси ва мутасадди раҳбарларга тўғоннинг мазкур қисмини тиклаш ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.