АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни «диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотирга молик давлатлар» қаторидан олиб ташлади. Бу ҳақда мазкур комиссиянинг дунёда диний эркинлик ҳолатини баҳолайдиган янги ҳисоботида маълум қилинган.

Унга кўра, 2005 йилдан бери биринчи марта комиссия АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни «диний эркинликларга алоҳида эътибор бериладиган давлатлар» («country of particular concern») рўйхатига киритишни таклиф қилмади.

«2019 йилда АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) икки мамлакатда — Судан ва Ўзбекистон — диний эркинлик шароитларини яхшилаш бўйича муҳим ютуқлардан мамнун бўлди. Ушбу мамлакат ҳукуматлари ижобий ўзгаришларни амалга ошириш учун USCIRF билан яқиндан ҳамкорлик қилдилар. […] Ўзбекистон диний эркинлик шароитларини яхшилаш бўйича сўнгги йиллардаги мажбуриятларини бажариш учун 2019 йилда муҳим қадамларни қўйди, шунингдек USCIRF билан яқиндан маслаҳатлашди», — дейилади ҳисоботнинг кириш қисмида.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг қайд этишича, ушбу қарор билан USCIRF Ўзбекистонда диний эркинлик бўйича амалга оширилган ижобий қадамларни тан олган, чунки Комиссия мамлакатни диний эркинликларни бузувчиларнинг «қора рўйхатига» киритилиши кераклигини таъкидлаганига қарамай, Давлат Департаменти 2018 йил декабр ойида Ўзбекистонни алоҳида эътибор бериладиган давлатлар рўйхатидан чиқариб, «махсус рўйхат» га киритган эди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда дин эркинлиги учун шароитларни яхшилаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳукумат диний жамоаларни рўйхатдан ўтмаган фаолиятлари учун рейд қилиш амалиётини тўхтатди. 2019 йил август ойида «Жаслиқ» қамоқхонаси ёпилди. «Ҳукумат диний эркинликни яхшилаш учун АҚШ ва бошқа халқаро шериклар билан ҳамжиҳат ишлашни давом эттирди», дейилади Ўзбекистон бўйича ҳисобот қисмида.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» янги қонунни қабул қилиш жараёни тўлиқ якунланмаганлиги, шунингдек, диний сабабларга кўра маҳкум этилганларни озод қилиш амалиётини давом эттириш зарурлигига эътибор қаратиб, Комиссия ҳисоботда Ўзбекистонни «махсус кузатув рўйхати»да сақланишини тавсия қилади.

Бу йил Давлат департаменти Ўзбекистонни 2019 йилда белгиланган «махсус кузатув рўйхати» дан чиқариш тўғрисида якуний қарор қабул қилиши кутилмоқда, дейилади ташқи ишлар вазирлигининг хабарида.

Маълумот учун, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) — бу мустақил АҚШ федерал ҳукумат комиссияси бўлиб чет элда диний эркинликлар бўйича универсал ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича фаолият олиб боради. USCIRF дунё мамлакатларида диний эркинликлар борасидаги ҳуқуқ ва эркинликлар бузилиши ҳолатларини кўриб чиқади ва АҚШ президенти, Давлат котиби ва Конгрессга сиёсий тавсиялар беради. USCIRF комиссарлари АҚШ президенти ва Конгрессдаги иккала сиёсий партиянинг раҳбарияти томонидан тайинланади.