«Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди, дея хабар берди Давлат солиқ қўмитаси.

Қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар ва преференциялар берилди.Ўзбекистон Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларига иш ҳақи, шунингдек, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар узлуксиз тўланиши таъминланади.

2020 йилда жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тортилмайдиган, ходимларга тўланадиган моддий ёрдам миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилади.

1 апрелдан 1 октябргача Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик» жамоат фондига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз берилган пул маблағлари, товарлар ва хизматлар:

  • даромад солиғини ҳисоблашда ушлаб қолинадиган харажатлар сифатида қаралади;
  • ҚҚСдан озод этилади;
  • айланмадан олинадиган солиққа тортиш объектига киритилмайди.

Ижтимоий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилганлар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик» жамоат фонди, юридик ва жисмоний шахслардан беғараз ёрдам олганда жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.

Жисмоний шахслар коронавирус пандемияси даврида фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларига берган нотурар-жой бинолари, жисмоний шахсларга берган турар-жой объектларини ижарага беришдан олинадиган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловларини фоизсиз кечиктириш ҳуқуқига эга бўлди.

Бунда, жисмоний шахсларнинг кечиктирилган даромад солиғи суммаси 2021 йил 1 апрелгача тенг улушларда тўланади.