Январь-март ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 8,14 миллиард долларга етди, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 924,1 миллион долларга (10,2%) кам, деб хабар берди Давлат статистика қўмитаси.

Ташқи савдонинг умумий ҳажмида экспорт 3,37 миллиард долларга етди (2019 йил январь-март ойларига нисбатан 10,9 фоизга пасайиш қайд этилди), импорт эса 4,76 миллиард долларни (пасайиш 9,7 фоиз) ташкил этди. Ҳисобот даврида қарийб 1,4 миллиард долларлик пассив ташқи савдо баланси қайд этилди.

Ўзбекистон жаҳоннинг 150 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Россия (16,9%), Хитой (16,8%), Қозоғистон (8,3%), Корея Республикаси (6,7%), Туркия (5,8%), Қирғиз Республикаси (2,3%) ва Германияда (2,1%) қайд этилган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан еттита давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Афғонистон (151,1 млн доллар), Қирғиз (121,2 млн доллар), Тожикистон (78,8 млн доллар), Туркия (62,3 млн доллар), Эрон (16,4 млн доллар), БАА (15,7 млн доллар) ва Франция (10,1 млн доллар) шулар жумласидандир. Қолган 13 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.


2020 йил январь-март ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 36,2 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасидаги ўтган йилга нисбатан улуши 2,5 фоизга ошган. Бошқа хорижий давлатлар билан ташқи савдо айланмаси эса январь-март ойларида МДҲ давлатларига нисбатан камайди (13,6 фоизга камайди) ва жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 63,8 фоизни ташкил этди.

«Ҳозирги пайтда ер юзининг деярли барча давлатларига кириб борган коронавирус (COVID-19) пандемияси иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши, экспортнинг барқарор ўсишига салбий таъсир кўрсатмоқда ва бу ўз навбатида, маълум натижаларга эришишда тўсиқ бўлмоқда», — дея қайд этди Статистика қўмитаси.


Жорий йилнинг январь-март ойларида мамлакатнинг экспортёрлар сони 3298 тани ташкил этиб, улар томонидан 2,369 млрд доллар (қимматбаҳо металлар экспортидан ташқари) қийматидаги (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 фоизга камайди) товар ва хизматлар экспорт қилинишини таминлади. Экспорт таркибида товарлар улуши 81,4 фоизни ташкил этиб, улар асосан материал турига қараб классификацияланган саноат товарлари (18,7%), минерал ёқилғи, ёғлаш мойлари ва шунга ўхшаш материаллар (9%), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (5,9%) ҳиссасига тўғри келмоқда.