Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мамлакатда COVID-19 коронавирусига чалинганлик ҳолатлари яширилаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

«Энг муҳими, ҳар бир фуқаро нотўғри, ваҳимали маълумотларга ишонмаслиги, ўз эҳтиёт чораларини кўриши зарур. Бу касалликни биз беркитаётганимиз йўқ, уни беркитишнинг иложи ҳам йўқ. Зарурат бўлмаса, хорижга чиқмайлик, чеклайлик. Сиз соғлом бўлганингиз билан ёнингиздагилар ўз касалликларидан бехабар ҳолда юқтириб қўйиши мумкин», — деди у сешанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Соғлиқни сақлаш вазири мамлакатда касаллик қайд этиладиган бўлса, Ўзбекистонда дори воситаларининг захираси, шунингдек профилактика бўйича имкониятлар етарли эканига ишонч билдирди.

Наврўз (21 март) муносабати билан байрам тадбирларида бирор бир чекловлар бўладими, деган саволга вазир шундай жавоб берди: «Бугун мамлакатда касаллик йўқлигини ҳисобга олиб, биз фақат халқаро тадбирларни, чекламоқдамиз, ички тадбирларни, шу жумладан Наврўз байрами бўйича, масала ҳали кўриб чиқилгани йўқ».

Матбуот анжуманида эпидемиолог, DiaPrep System президенти Михаил Фаворов ҳам иштирок этди. Шу кунларда у халқаро мустақил эксперт сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари билан биргаликда ихтисослаштирилган даволаш муассасаларида тиббиёт ходимларига маслаҳатлар бермоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

«Ўзбекистан — касалликка чалиниш ҳолатлари мутлақо мавжуд бўлмаган кам сонли давлатлардан бири. Улкан чоралар кўрилмоқда… Бунга нисбатан ишлар яхши кетмоқда», — деди у.

«Фаворов мамлакатда коронавирус аниқланган тақдирда энг катта муаммо сунъий нафас олиш ускуналарининг етишмаслиги эканини айтди. «Уларни ҳеч қаердан олиб бўлмайди, ҳеч қаерга буюртма бериб бўлмайди. Фақат ички захиралар. Соғлиқни сақлаш вазири ушбу махсус, алоҳида масала билан шуғулланмоқда, чунки бу принципиал масаладир. Агар кириб келса, оғир ҳолатлар бўлса, сунъий нафас олдириш ускуналари керак бўлади», — дея таъкидлади у.

Эпидемиологнинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентнинг ўзида 40 та бокс хонаси тайёрланган бўлиб, бу эса ҳали коронавирус аниқланмаган давлат учун яхши кўрсаткич.

«Бу жуда тўғри, — деди у. — Шунга қарамай, бизда „хитойча“, „италянча“ ёки „корейсча“ кўламдаги эпидемия бўлса, қўрқаманки, 40 та боксни кенгайтириш керак бўлади».

Эксперт Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «барча даражадаги тиббиёт ходимларини интенсив равишда тайёрлаш зарур» деган фикрига қўшилди.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг барча тавсияларига амал қилишини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, ЖССТ мамлакат ҳукуматига касаллик билан боғлиқ вазият ривожининг тўртта цсенарийни тайёрлашга ёрдам бермоқда. Мутахассис, шунингдек, ҳозир дунёда коронавирусга тўлиқ тайёр бўлган бирорта ҳам давлат, шу жумладан ривожланган мамлакат ҳам йўқлигини таъкидлади.