Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига ҳам аёл киши ҳоким этиб тайинланди. Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 6 март куни Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Унда шаҳар ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Хашимов Музаффар Казимович ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Депутатлар томонидан Алимова Гавҳар Зайировнанинг номзоди Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Гавҳар Алимова февраль ойида Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Январь ойида эса Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолиги сайланган.

Ўзбекистонда аёл ҳокимлар сони 6 кишига етди.