Январь ойида истеъмол нархлари даражасининг ой давомидаги ўртача ўсиш суръати 0,6 фоизни ташкил этди, дея хабар берди Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси.

Йил давомида (2020 йил январда 2019 йил январига нисбатан) истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 14,3 фоизга ўсди.

Нархлар ва тарифлар ўсиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, улар 2020 йилнинг биринчи ойида 1 фоизга қимматлашди, ноозиқ-овқат товарлар нархи атиги 0,2 фоизга, хизматлар эса 0,3 фоизга ўсди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари асосий гуруҳлари ичида мева ва сабзавотлар (3,9 фоиз) ва тухум (3 фоиз) нархлари бир ой ичида энг юқори даражага кўтарилди.

Гўшт маҳсулотларининг асосий турларидан тирик ва музлатилган балиқ, шунингдек чўчқа гўшти (1,2 фоиз) нархлари кескин кўтарилди. Парранда гўшти нархларининг 0,7 фоиздан 1,6 фоизгача пасайиши қайд этилди.

Январь ойида шакар нархи 0,3 фоизга ошди, қандолатчилик маҳсулотлари ҳам ўртача 0.3 фоизга қимматлашди. Бир ой давомида қаҳва, чой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарор бўлди.

Мавсумий омил асосан мева ва сабзавотлар нархларининг ўзгаришини белгилаб берди. Энг кўп саримсоқ (13,3 фоиз), янги бодринг ва помидор (12,3 фоиз ва 9,6 фоиз) нархлари ошди. Шу билан бирга, бир ой давомида лимон 3,8 фоизга, банан 0,8 фоизга арзонлашди.

Январь ойида ёғ-мой маҳсулотларидан сариёғ 0,6 фоизга, маргарин, шунингдек, ҳайвонлар ёғлари 0,4 фоизга қимматлашди. Ўсимлик ёғи нархи олдинги ой даражасида қолди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари орасида китоблар, газета ва журналлар (11,5 фоиз), заргарлик буюмлари (1,2 фоиз), матолар ва калава (0,5 фоиз), маиший тўқимачилик маҳсулотлари, ошхона анжомлари (0,4 фоиз), кийим-кечак, поябзал, иплар, ювиш ва тозалаш воситалари (0,3 фоиз) нархлари қимматлашди.

Йиллик даврда (2020 йил январь 2019 йил январга нисбатан) автомобиллар учун ёқилғи (19,3 фоиз), заргарлик буюмлари (17,8 фоиз) ва босма нашр маҳсулотлари (16,8 фоиз) нархлари бошқаларга нисбатан юқори даражада қимматлашди.

Аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш соҳасида: дам олиш хизматлари — 4,5 фоизга, йўловчи транспорти — 0,6 фоизга, маиший хизматлар, маданият соҳасидаги хизматлар, шунингдек тиббий хизматлар 0,5 фоизга, спорт соҳасидаги хизматлар — 0,3 фоизга, таълим — 0,1 фоизга қимматлашди. Кузатув гуруҳидаги бошқа хизматлар нархлари ўтган ой даражаида ўзгаришсиз қолган.