Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Акром Арипов томонидан вилоят ҳокими в. б. Зойир Мирзаевнинг 21 бош қўй буғдой даласини пайҳон қилгани билан боғлиқ вазиятни текшириш топшириғи бажарилгани ҳақида маълум қилинган видеоёзувга изоҳ берди.

Нишон туманида олинган видеода Акром Арипов билан билан биргаликда туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Дилшод Умаров, шунингдек, «Отамурод ота» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Бобоназаров ва қўйлар эгаси Абдурашид Азаматов ҳам бор.

Акром Арипов етказилган зарар учун товон сифатида фермер ва қўйлар эгаси ҳисобидан биттадан, жами иккита қўй сўйилгани, уларнинг гўшти кам таъминланган оилалар ва агротехникаларни таъмирлаётган усталарга тарқатилишини маълум қилади.

Видео

Вилоят ҳокимияти матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов Акром Арипов билан телефон орқали боғланди. Унда Зойир Мирзаев ҳолатга қонун доирасида иш кўрилиши кераклиги ҳақида топшириқ бергани Арипов томонидан таъкидланган.

Қашқадарё вилоят прокуратураси Нишон туман прокуратураси томонидан тегишли тартибда хизмат текшируви тайинланган бўлиб, тарқатилган ведиолавҳанинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилди. Вилоят прокуратураси вазиятни назоратга олган.

Ўзбекистон президентининг 2005 йил 3 мартдаги тегишли қарорига (ПҚ-22) биноан зарарланган жойда ушланган қорамол фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига топширилиб, чорва эгасига нисбатан маъмурий чоралар кўрилган ва етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин эгасига қайтарилиши керак.