Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистондан маймун боласининг ноқонуний равишда олиб чиқилишининг олди олинди. Бу ҳақда ДБҚ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи давлат чегаралари яқинида турган Spark русумли автомашина ҳамда унинг ичида ўтирган фуқаролар Ф.У. ва Ж.С. белгиланган тартибда холислар иштирокида назоратдан ўтказилди.


Натижада, автомашина салонида ноёб орангутан турига мансуб маймун боласи борлиги маълум бўлди. Қонунбузардан олинган маймун боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.

«Қизил китобга киритилган орангутан зотига мансуб мазкур маймун дунёда йўқ бўлиб кетиш арафасидаги турлардан ҳисобланади. Ҳозирда ушбу маймунча Тошкент ҳайвонот боғида алоҳида назорат остида парваришланмоқда», дейилади хабарда.

Шунингдек, фуқаро У.Ф. божхоначиларни пайқаши биланоқ уддабуронлик билан машина ёнига улоқтирган тамаки қутиси ҳам текширилди. Текширув жараёнида тамаки қутисида 0,36 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Фуқаро Ж.С.га тегишли сумкада эса 4 дона турли дори воситалари борлиги ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.