Самарқандда битта озиқ-овқат етказиб берувчиси хизматларидан фойдаланувчи учта мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Самарқанд шаҳар ДСЭНМ маълумотларига кўра, 11 октябрь куни соат 10:00да вилоят юқумли касалликлар шифохонасига шаҳардаги 80, 98 ҳамда 106-сонли мактабгача таълим муассасаларининг 12 нафар тарбияланувчими «Овқатдан захарланиш токсикоинфекцияси енгил-ўрта даражаси» ташхиси билан ётқизилган.

Аниқланишича, тарбияланувчилар қайд этилган мактабгача таълим муассасаларида ош, борщ, макарон, салат каби аралаш овқатларни истеъмол қилганликлари натижасида соғлиқлари ёмонлашиб шифохонага мурожаат қилишган.

Шаҳардаги 80, 98 ва 106-мактабгача таълим муассасаларига «E.М.» корхонаси томонидан аутсорсинг хизмат кўсатилиб келинган.

Мазкур заҳарланиш ҳолати юзасидан вилоят ДСЭНМ томонидан 80, 98 ва 106-МТМ фаолиятлари вақтинча тўхтатилган.

Ҳозирда беморлар аҳволи қониқарли бўлиб даволаш муолажалари давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан шу куннинг ўзида Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши шаҳар ИИО ФМБ хузуридаги Тергов бўлимига юборилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.