«Жуковский — Симферополь» йўналишида парвозни амалга ошираёган «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг А321 самолёти 15 август куни эрталаб Москва вилоятида авариявий қўндирилди, дея хабар қилди Росавиация матбуот хизмати. Ҳаво кемаси бортида 226 йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бор эди.

Агентлик маълумотларига кўра, лайнер ҳавога кўтарилганидан сўнг двигателига қуш кириб кетиши натижасида носозлик юзага келган. Экипаж самолётни қўндиришга қарор қилган.

Самолёт «Жуковский» аэропортининг учиш-қўниш йўлагидан бир километрдан узоқроқ масофада маккажўхори майдонига қўндирилди. Қўнишдан аввал шассилар ёпилиб, двигателлар ўчирилди.

Йўловчилар шиширилган авариявий трап орқали эвакуация қилинди, уларнинг бир қисми Жуковский шаҳар шифохонасига, қолганлари эса аэропортга жўнатилди. РИА Новостининг хабар қилишича, 23 киши, жумладан ҳомиладор аёл ва тўққиз бола шифохонага ётқизилди.

Ҳодисани тергов қилиш учун Росавиация вакиллари иштирокида махсус комиссия тузилди. Тергов қўмитаси Жиноят кодексининг ҳаво транспорти ҳаракати хавфсизлиги ва ундан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши бўйича моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди.