Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев 1 август куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашнинг янгича тизимига бағишланган мажлисида ҳашар ва мажбурий меҳнат ўртасидаги фарқни тушунтириб берди. Вазир иқтибослари вазирликнинг Telegram-каналида эълон қилинди.

«Ҳашар халқимизнинг қадимий урф-одатларидан ҳисобланади. Қўни-қўшни, қариндошлар ёки бир маҳалла аҳлининг уй қуриш, боғ барпо этиш ёки кўча-кўйни тартибга солиш учун бирлашиш амалиёти халқимиз маданиятининг бир қисми саналади. Ҳашар — ҳар доим байрам, ўзаро кўмаклашиш, қийинчиликлар қаршисида жипслашиш ва биргаликда уларни енгиб ўтишидир», — деди вазир.

«Лекин, масалан, эрта тонгдан шифохона ёки мактаб ходимларини уларнинг розилигини сўрамасдан автобусга солиб, автойўллар бўйидаги ҳудудларни супуришга олиб кетиш — бу ҳашар эмас, балки мажбурий меҳнатдир. Ундан ҳам ёмони бу каби «ҳашарлар"да қатнанишдан бош тортгани учун ходимларга нисбатан ишдан бўшатиш даражасигача интизомий чоралар кўрилишидир», — деди вазир.

Ҳашар ва мажбурий меҳнат ўртасидаги фарқни аниқ тушуниб олиш жоиз. Ҳашар — ўзаро ихтиёрий кўмаклашиш ва байрамдир. Мажбурий меҳнат — бирор жазо қўллаш таҳдиди остида иш бажаришдир, дея таъкидлади Шерзод Кудбиев.

Меҳнат вазири болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарликни жорий этиш режалаштирилаётганини олқишлади. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун Маъурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси бўйича маъмурий жазо тайинланади. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг 1 дан 3 барваригача миқдорда жарима тайинланади. Худди шу ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан амалга оширилса, жарима миқдори ЭКИҲнинг 5 дан 10 бараваригачани ташкил этади.