Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни 1 августдан бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, шунингдек, пенсиялар, стипендиялар ва нафақаларни ўртача 10 фоизга ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастури.

Шундай қилиб, 1 августдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида энг кам:

  • иш ҳақи — ойига 223 000 сўм;
  • ёшга доир пенсиялар — ойига 436 150 сўм;
  • болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 360 460 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 267 650 сўм миқдорида белгиланди.

1 августдан II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади. II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар — пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади.

Бундан ташқари, боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сонига амалдаги фоизлар нисбати сақланган ҳолда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Худди шу санадан I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.